Самарқандга қўшимча дам олиш кунлари 220 мингдан ортиқ сайёҳ келди

10:13 06 Май 2022 Жамият
308 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят бўлими ташаббуси билан туристик фирмалар томонидан 25 апрелдан 5 майгача «Рамазон» номли имтиёзли туристик пакет эълон қилинган эди.

Рамазон ҳайити муносабати билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида юқоридаги ташаббус самараси ўлароқ Самарқандни 200 минг нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳлар зиёрат қилди.

Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармасидан маълум қилинишича, лойиҳа доирасида Самарқанддаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга киришда 20 фоизгача имтиёз берилди.

— Фарзандларим саёҳат қилишни жуда яхши кўради. Беш кунлик дам олиш куни эълон қилиниши билан йўлга отландик ва Самарқандга келдик. Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мажмуаси ва Шоҳи Зиндани зиёрат қилдик, — дейди Хоразм вилояти Урганч шаҳридан Гулистон Эгамова. — Самарқанддаги муқаддас, тарихий жойларни кўриб, бир олам таассуротлар олдик.

Рўза кунларида ташриф буюрган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ифторлик тадбирлари уюштирилиб, меҳмонхоналар, транспорт воситалари ва овқатланиш шохобчаларида ҳам имтиёзлар, чегирмалар қўлланилди. Бундан ташқари бир қатор маданий дастурлар, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, 1 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Фавворалар сайли» ҳамда Рамазон ҳайити тадбирларида сайёҳлар иштирок этишлари учун шароитлар яратилди.

— Амаким, келинойим, қариндошларим билан Самарқандга келгандик. Дарҳол «Регистон» меҳмонхонасига жойлашдик, чегирма бор экан, анча арзон нархда хона олиб, «Фавворалар сайли»га чиқдик, — дейди Фарғона вилояти Данғара туманидан Достонжон Мирзатиллаев. — Бундан ташқари тарихий қадамжоларни айландик, Регистон майдони, Амир Темур мақбарасида бўлиб, бу ерга олдинроқ келмаганимизга афсусландик.

— Кўпдан буён оиламиз билан Самарқандни зиёрат қилиш ниятида эдик. Менку, пенционер, вақтим кўп. Аммо ўғлим Ёқубжон ишлайди. Бир жойга чиқишга вақти бўлмайди. Шу боис бўш вақт тополмай, келолмаётгандик, — дейди Сурхондарё вилояти Музработ туманидан Абдумурод Чориев. — Ҳайит муносабати билан 5 кунлик дам олиш куни эълон қилинганини эшитиб, мен ҳам, ўғлим ҳам хурсанд бўлдик. Машинамизда йўлга тушдик, уй-меҳмонхонага жойлашиб, тонг саҳар масжидга бордим: ҳайит намозини Самарқандда адо этдим. Самарқанднинг кўплаб табаррук жойларини зиёрат қилдик.

Дарҳақиқат, яратилган қулайликлар натижасида Самарқандга сайёҳлар оқими сезиларли ортди. Айнан 5 кунлик дам олиш кунлари вилоятга 200 минг 102 нафар маҳаллий ва 20 минг 11 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?