Самарқанддаги МТТда “Зукко Болажон” фотоальбоми тақдимоти ўтказилди

12:04 04 Июль 2022 Жамият
277 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда Самарқанд вилояти бўйлаб «Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» шиори остида анъанавий маънавият фестивали ўтказилмоқда. Мазкур фестиваль доирасида Самарқанд шаҳридаги 36-сонли мактабгача таълим ташкилотида «Зукко Болажон» фотоальбоми тақдимотига бағишланган бадиий-мусиқали байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда пойтахтимиздан келган бир гуруҳ ижодкорлар, олимлар, санъаткорлар ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирок этди.

—  Маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, ўзгаришларни энг қуйи босқич - мактабгача таълим ташкилотидан бошласак, кутилган натижага эришамиз, — деди Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодиржон Холбўтаев. - Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир бола - бамисоли ўсиб, кучга тўлаётган, парваришга муҳтож нозик ниҳол. Бинобарин, уни ҳеч қачон меҳр ва эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ушбу «Зукко Болажон!» фотоальбоми Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида тайёрланган.

Тадбирда фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти профессори Зуҳра Исмоилова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Сайёра Тўйчиева сўзга чиқиб, болажонларга самимий тилакларини билдирди. Улар бугунги кунда мамлакатимизда фарзандларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, жаҳон андозаларига мувофиқ билим олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталди.

Тадбир давомида «Зукко Болажон!» фотоальбоми 36-сонли мактабгача таълим муассасасига топширилди. Шундан сўнг саҳнага болажонлар таклиф қилинди. Улар ижросидаги шўх қўшиқ ва рақслар барчани хушнуд этди.

Шунингдек, тадбир давомида соҳа ходимлари учун шуъбаларга бўлинган ҳолда бола тарбияси ҳамда унинг маънавий камолоти хусусида семинар-тренинг ўтказилди.

«Зукко Болажон!» лойиҳаси доирасида фотокўргазма ҳамда Самарқанд қўғирчоқ театри томонидан томошалар намойиш этилди. Кулолчиликка қизиқиши бўлган болалар учун дарслар ташкил қилинди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер