Самарқандда ёшлар фестивали ўз ниҳоясига етди

19:15 14 Июнь 2021 Жамият
522 0

Самарқанд вилоятида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивали буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гул қўйиш билан бошланди.

Шундан сўнг ёшлар фестивалига старт берилиб, у байрамона юриш марафони билан давом этди. 20 мингга яқин йигит-қизлар Регистон майдонидан Университет хиёбони бўйлаб Амир Темур ҳайкали ёнигача ҳаракатланди.

Ёшлар фестивали доирасида веломарафон ҳам ташкил этилди. Регистон майдонидан бошланган велосипедчилар мусобақасида ёшлар Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси ва Абу Али Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, яна Регистон майдонида тўпланишди. 2 минг нафарга яқин йигит-қизлар орасидан 10 километр масофани босиб ўтиб, маррага биринчилардан бўлиб келган 6 нафар иштирокчига диплом ва велосипед топширилди.

6 та олий таълим муассасаси талабалари ўртасида бўлиб ўтган «Қувноқлар ва зукколар» кўрик танлови қизиқарли чиқишларга бой бўлди. Кўрик танловда учинчи ўринни «Ўзбегим» жамоаси эгаллаган бўлса, иккинчи ўринни «Илҳом» жамоаси эгаллади. Биринчи ўрин «Мароқандлик божалар» жамоасига насиб этди.

Самарқанд шаҳридаги концерт залида «Ўзбек миллий рақслари, Шарқ халқлари рақслари, Балет рақслари» кўрик-танлови ҳам ташкил этилди.

Ёшлар фестивали доирасида шунингдек, “Family park” савдо мажмуасида «Картинг» мусобақаси, ёшлар ўртасида «Боулинг» мусобақаси, «Муз устида» ўйинлар ўтказилди.

Қисқаси, фестивалнинг 1-кунида Самарқанд шаҳрида 13 та, туман ва шаҳарларда 30 та тадбир ва лойиҳалар ўтказилди.

Спорт мусобақалари, муваффаққиятга эришган тадбиркорлар билан мотивацион учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, 3 кун давомида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт дастурлари, киберспорт мусобақалари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга ташрифлари, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга асбоб-ускуналар топшириш маросимлари бўлиб ўтди.

Кун давомида турли лойиҳалар ўтказилиб, кечки пайт Кимёгарлар қўрғонида «Ёшлар куйлаганда» номли концерт дастури ташкил этилди. Мазкур тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Вилоятда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган улкан сиёсий жараёнлар тўғрисида қисқача маълумот берди ва фестиваль иштирокчилари бўлган азиз ёшларни яқинлашиб келаётган «Ёшлар куни» ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий қутлади.

Шундан сўнг, азим Самарқанднинг юраги бўлмиш Регистон майдонида фестивалнинг рамзий очилиш маросимига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди. Концерт дастурида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ва бошқа санъаткорлар томонидан тайёрланган мусиқали чиқишлар иштирокчиларга ўзгача завқ бағишлади.

Самарқандда «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида ўтган фестивалнинг иккинчи кунида Самарқанд шаҳрида 11 та, туман ва шаҳарларда 6 та, олий таълим муассасаларида 39 та тадбир ва лойиҳалар ўтказилди.

Регистон майдони олдидан старт олган югуриш марафони мусобақасида 300 нафар ёш спортчилар 10 километр масофани босиб ўтиб яна ўша жойда ўрнатилган финишга қайтиб келишди.

Баҳс якунида СамДУ талабаси Отабек Тошқувватов ҳамда Севара Чориева финиш чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Маррага иккинчи бўлиб Азизбек Насимов ҳамда Зуҳра Амирова етиб келган бўлса, учинчи ўрин Алишер Аҳмадалиев ҳамда Эъзоза Ҳошимовага насиб этди. Ғолибларга планшет ва ноутбуклар совға қилинди.

Ёшлар фестивали доирасида “Regal palace” меҳмонхонаси ҳовлисида «Ўзбекистон ёшлари, кеча, бугун, эртага» мавзусида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ёшлар вакиллари лойиҳалари, ғоялари, фикрлари билан ўртоқлашди. Учрашувда “IT-park«да фаолият юритадиган “SWAT” жамоаси ҳам иштирок этиб, ўзлари ясан бир қанча робототехника қурилмаларини намойиш этди. Шулардан бири «гид-робот». Жамоа аъзоси - «Ипак йўли» халқаро туризм университети талабаси Шаҳло Ҳамроева таклифи билан бу робот даврага келтирилди ва у ҳокимга «мурожаат қилди»:

— Ассалому алайкум, Эркинжон Оқбўтаевич ва ёшлар фестивали иштирокчилари! Мен - гид-робот “SWAT” жамоаси томонидан яратилган ихтироман. Ҳозирча ўзбек тилида гапира оламан. Агар жамоанинг лойиҳаси қўллаб-қувватланса, сунъий интеллект ёрдамида турли тилларда сўзлаб, сайёҳларга беминнат хизмат кўрсата оламан.

Ҳоким «Гид-робот»нинг бу мурожаатини беэътибор қолдирмаслигини билдирди.

Шунингдек, учрашувда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, Хитойнинг Нанжинг фан ва технологиялар университети талабаси Достон Эшонов қуйидаги таклиф билан чиқди.

— Ўтган галги учрашувда «Алкотестор» қурилмасини яратганим ҳақида гапиргандим, — дейди ёш ихтирочи. - Бугунги тадбирга кўзи ожизлар учун «ақлли» ҳасса яратиб келдим. Самарқандлик ёшлар робототехника соҳаси бўйича республика ёшлари орасида илғор. Фақат бизга «Робототехника лабораторияси» керак бўляпти.

— СамДУ ва ТАТУ Самарқанд филиали ҳамкорлигида ушбу лабораторияни ташкил қиламиз, — деди ҳоким. - Шунингдек, хабарим бор, ихтирочи ёшларимиз керакли бўлган кўпгина эҳтиёт қисмларни Тошкентдан олиб келади. Лаборатория ёнида робототехника эҳтиёт қисмлари дўконини ҳам очамиз.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими 3 нафар стартап лойиҳаси ғолибини махсус сертификат билан, ёшлар етакчиларидан 2 нафарини фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлардан 20 нафари вилоят ҳокими стипендиясига сазовор бўлди. Уларга 6 ой давомида 1 миллион сўмдан стипендия олиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар топширилди.

Ёшлар фестивали доирасида ўтказилган «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси»да 14 та фандан 1576 нафар 10-11-синф ўқувчилари ўнта олий ўқув юртларида ўз билимларини синовдан ўтказдилар.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиевалар билан биргаликда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилаётган фестиваль доирасидаги фан олимпиадаси жараёнларини кузатиб, ўқувчи ёшлар билан мулоқотда бўлди.

Олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчиларига уларнинг билимини холисона баҳолаб, энг муносибларини кашф этиш бўйича тавсиялар берди. Фан олимпиадаси якунида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғидаги Эргаш Жуманбулбул ўғли музей-мажмуасида бахшилар кўрик-танлови ҳам ўтказилди. Унда 50 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Улар орасида қўшработлик 2 ёшли қиз Нилуфар Тоғаймуродова ҳам ўз маҳоратини синаб кўрди. Қатнашчилар орасида самарқандлик бахшиларидан ташқари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган ёшлар ҳам бўлди.

Танлов якунига кўра, 1-ўрин қўшработлик Бобобек Раҳматовга насиб этди. 2-ўринни Паст Дарғом туманидан Жавлонбек Шарибоев ҳамда булунғурлик Фирдавс Суюнбоев, 3-ўринни булунғурлик Заҳриддин Суюнбоев ва нурободлик Муҳаммаджон Шавкатов қўлга киритди.

Мазкур фестиваль доирасида Самарқанд шаҳридаги «Чорсу» галереясида «Амир Темур ўйинлари» спорт мусобақаси ўтказилди. Тадбирда вилоят, туман шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ёш спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда 2000 га яқин ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Мусобақада иштирокчилари кўп кураш, армрестлинг, тош кўтариш, арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашди. Мусобақа ғолиблари Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Фестиваль шукуҳи полвонларни ҳам четлаб ўтмади. Самарқанд шаҳридаги якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида миллий кураш мусобақаси бўлиб ўтди. Тадбир аввалида туман-шаҳар вакилларидан таркиб топган 16 та жамоа чиқиши намойиш этилди. Халқаро тоифадаги спорт усталари маҳорат машғулотлари ўтказди. Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда кураш федерациясининг ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўсмир-ёшлар вилоят прокурори кубоги учун беллашдилар.

Нуробод туманининг Жарқудуқ маҳалласидаги Жарқудуқ «Чўпон отарида суҳбат» мавзусида чорвадор-чўпонлар ва ёш чўпонларнинг гулхан атрофидаги давра суҳбати «Нурли эл чорвадори» МЧЖга қарашли «Файзобод» отарида бўлиб ўтди. Тадбирда чўпончилик касбига қизиқувчи тумандаги ёшлар иштирок этишди. Уларга чорвачилик ва чўпончилик соҳасининг сир-асрорларидан сўзловчи кўргазмалар тақдимот қилиниб, иштирокчилар учун от ва туяларда сайрлар ташкил қилинди. Гулхан ёқилиб, тажрибали чорвадор-чўпонлар ва ёш чўпонлар томонидан гулхан атрофида йиғилган ўғил-қизларга ушбу касбнинг машаққат ва қийинчиликлари, шунингдек ушбу касб орқасидан топилган ризқ-рўз ва муваффақиятлар ҳақида сўзлаб беришди.

Суҳбатда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор» унвони соҳиби, «Олға» чорвачилик хўжалигининг бош чўпони Машраб Тўраев ҳам иштирок этиб, йиғилганларга ўзининг ҳаётий тажрибаси, ушбу касбнинг қийинчиликлари ва муваффақиятлари тўғрисида айтиб ўтди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига тажрибали чорвадор-чўпонлар томонидан батафсил жавоблар берилди. Тадбир давомида бахшилар томонидан куйланган қўшиқ ва халқ оғзаки ижоди намуналари йиғилганлар кайфиятига хушкайфият улашди.

Самарқанд шаҳридаги Қорасув массиви ҳамда «Нурафшон» санъат саройида «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!» шиори остида «Ёшлар куйлаганда» номли концерт ташкил этилди. Элимиз суйган санъаткорлар Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз ва Улуғбек Раҳматуллаев ва Лола Аҳмедова, хонанда Озода Аҳмедова, Равшан Собиров, Севинч Мўминова ва «Цитора» гуруҳи ҳамда бошқа бир гуруҳ санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар ёшларнинг мароқли дам олишига хизмат қилди.

Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитeaтрида гала-концерт бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» ғолибларини қутлаб, муносиб тақдирлади.

Самарқандда ўтказилган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивалида «Заковат» интеллектуал ўйини ўз атрофига яна ҳам кўп иқтидорли, билимдон ёшларни бирлаштирди. Самарқанд шаҳридаги «Боғишамол гарден» базмгоҳида ташкил этилган интеллектуал ўйинда ҳар бир туман ёшларидан иборат жамоага туман-шаҳар ҳокимлари сардорлик қилди. Муросасиз кечган баҳсларда нарпайлик ёшлар ғолиб бўлди. Самарқанд шаҳри жамоаси иккинчи, Каттақўрғон тумани ёшлари учинчи ўринни эгаллади. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ғолибларни қутлади ва совғалар билан тақдирлади.

Фестивалнинг бошқа вилоятларда ўтган лойиҳалардан фарқли жиҳатлари тўғрисида гапирадиган бўлсак, аввало вилоятда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари сардорлигида тузилган жамоалардан иборат таркибда «Заковат» интеллектуал ўйишлари ўтказилди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов. - Шунингдек, «Ўзбекистон ёшлари-кеча, бугун ва эртага» шиори остида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди ва учрашувда вилоят ҳокими стипендияси ва стартап лойиҳалар ғолибларини тақдирлаш маросимлари ташкил этилди.

«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида Самарқандда ўтган ёшлар фестивалининг учинчи куни ҳам ранг-баранг учрашув ва лойиҳаларга бой бўлди.

Фестиваль доирасидаги тадбирларда жисмоний имконияти чекланган йигит-қизлар ҳам эътибордан четда қолмади. Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича ташкил этилган мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 40 нафарга яқин 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этишди.

- 15 йилдан буён спортнинг шахмат тури билан шуғулланиб келаман, - дейди Оқдарё туманида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Акбар Ибрагимов. - Кўпгина мусобақада иштирок этиб, ғолиб бўлганман. Шахмат ақлни чархлайди. Жисмоний имкониятим чекланган бўлсада, хотирам яхши, катта шеърларни 2-3 ўқишда ёдлаб оламан.

Ёшлар фестивали доирасида «Ургут эркин иқтисодий зонаси»да тадбиркорликка қизиқувчи йигит-қизлар учун «Бизнес марафон» ўтказилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 200 нафардан ортиқ ёшлар тадбир давомида “YEC GILAM”, “MIKRO METAL”, “IDEAL ELECTROLUX” корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тажрибали тадбиркорлар ёшларга муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, марафон доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ва банклар фаолиятига оид кўргазма ҳам ташкил этилди.

Ёшлар фестивали доирасида Оқдарё туман марказий Истироҳат боғининг Ҳумо амфитеатрида спортнинг «ММА» тури бўйича мусобақа ҳам ташкил этилди.

«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивалининг Самарқанд халқаро аэропорти ёнидаги майдонда ўтган якуний галаконцертида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевлар иштирок этди. Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан ўтказилаётган фестивалнинг якуний қисмида 30 мингга яқин ёшлар қатнашдилар. Тадбирда фаол ёшлар ва уларни қўллаб-қувватлашда ташаббус кўрсатган раҳбарлар ҳам тақдирландилар.

— Бу фестиваль вилоят ёшларининг бир умр хотирасида қолади. Бунинг учун биз барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилдик, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. — Кўриб турибмизки, шу кунларда вилоятимизда барча саъй-ҳаракатлар ёшларимиз учун бўлиб турибди ва буни бевосита мазкур фестиваль орқали ҳам билиш қийин эмас. Вилоят ёшларининг етакчиси сифатида барча ёшларимизни бундан кейин ҳам фаол бўлишга чорлаб қоламан.

Ёшлар фестивалининг якуний тадбирида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасига самарқандлик ёшларнинг инновацион ғоялари ва Стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллиард сўмлик сертификат топширди.

Уч кун давомида ўтказилган тадбирларга вилоятнинг 1 миллионга яқин ёшлари қамраб олинди. Энг асосийси фестиваль доирасида ўтган тадбирларга «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ҳамда «Темир дафтар»га киритилган оила фарзандлари, ишсиз ёшлар, профилактик-пробация ҳисобига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар кенг жалб қилинди.

Хуллас, Самарқандда 11-13 июнь кунлари ўтказилган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивали доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида юздан зиёд маданий-маърифий, спорт тадбирлари ҳамда турли йўналишларда кўрик-танловлар, фаол ёшлар, ҳарбийлар, уюшмаган ёшлар иштирокида жуда кўплаб лойиҳалар, қатор ажойиб учрашув ва тадбирлар ўтказилдики, улар барча ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?