Самарқандда ёшлар фестивали бўлиб ўтади. У 3 кун давом этади

18:14 10 Июнь 2021 Жамият
967 0

Самарқанд шаҳридаги «Ёшлар маркази»да 11 — 13 июнь кунлари вилоятда ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивалига тайёргарлик жараёнлари бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Хуршид Очилов, Ботир Нуруллаев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаевлар ёшлар фестивали доирасидаги тадбирлар хусусида иштирокчиларга батафсил ахборот бердилар.

Қайд этилганидек, вилоятда 11 — 13 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Ёшлар фестивали доирасида 103 та маданий-маърифий, спорт тадбирлари ҳамда турли йўналишларда кўрик-танловлар ўтказилади. Жумладан, Фестивалнинг 1-куни Самарқанд шаҳрида 13 та, туман ва шаҳарларда 30 та, 2-куни Самарқанд шаҳрида 11 та, туман ва шаҳарларда 6 та, олий таълим муассасаларида 39 та, 3-куни 4 та тадбир ва лойиҳалар ўтказилади.

Фестивалда, секторлар кесимида спорт мусобақалари, муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан мотивацион учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, 3 кун давомида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт дастурлари, киберспорт мусобақалари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга ташрифлари, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга асбоб-ускуналар топшириш маросимлари бўлиб ўтади.

Уч кун давомида ўтказиладиган тадбирларга вилоятнинг 1 миллионга яқин ёшларини қамраб олиш режалаштирилган. Энг асосийси фестиваль доирасида ўтадиган тадбирларга «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ҳамда «Темир дафтар»га киритилган оила фарзандлари, ишсиз ёшлар, профилактик-пробация ҳисобига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қамраб олиш мақсад қилинган.

Фестиваль Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ёшлар иштирокида гул қўйиш маросимлари ҳамда Регистон майдонидан университет хиёбони бўйлаб Амир Темур ҳайкали ортигача ёшларнинг байрамона юриши билан бошланади.

— Фестивалнинг бошқа вилоятларда ўтаётган лойиҳалардан фарқли жиҳатлари тўғрисида гапирадиган бўлсак. аввало вилоятда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари сардорлигида тузилган жамоалардан иборат таркибда «Заковат» интеллектуал ўйишлари ўтказилади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Х. Очилов. — «Ўзбекистон ёшлари-кеча, бугун ва эртага» шиори остида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтади ва учрашувда вилоят ҳокими стипендияси ва стартап лойиҳалар ғолибларини тақдирлаш маросимлари ташкил этилади.

Ҳар бир ҳудуднинг имкониятидан келиб чиқиб ва азалдан ота-боболаримиздан қолган бой маънавий меросларни келгуси авлодларга етказиш мақсадида Нуробод туманида «Чўпон отарида суҳбат» мавзусида чорвадор-чўпонлар ва ёш чўпонларнинг гулхан атрофидаги давра суҳбати ўтказилади.

Регистон майдонида расмий очилиш маросими ва концерт дастури, Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида «Замонавий қўшиқ ва рақс» шоу дастури, фестиваль якуни бўйича «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида Самарқанд халқаро аэропорти майдонида катта гала-концерт дастури намойиш этилади.

— Бу фестиваль вилоят ёшларининг бир умр хотирасида қолиши керак ва бунинг учун биз барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев. — Кўриб турибмизки, шу кунларда вилоятимизда барча саъй-ҳаракатлар ёшларимиз учун бўлиб турибди ва буни бевосита мазкур фестиваль орқали ҳам билиш қийин эмас. Вилоят ёшларининг етакчиси сифатида барча ёшларимизни мазкур фестивалда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.

Анжуман давомида журналист ва блогерлар томонидан ҳам қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?