Самарқандда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди

20:27 14 Январь 2022 Жамият
776 0

Фото: Халқ сўзи

Миллий байрамларимиз тақвимида алоҳида ўрин тутувчи 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллиги тантаналари Самарқанд вилоятида ҳам уюшқоқлик билан нишонланди.

Вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари ва ҳарбийлар Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ бобокалонимиз сиймоси олдида ҳурмат бажо келтирдилар. Тадбир доирасида Кўксарой майдонида ҳарбий парад, техникалар, қурол-аслаҳа ва анжомлар кўргазмаси ташкил этилди. Ҳарбий парадда Ватан ҳимоячилари ва уларнинг ихтиёрида бўлган ҳарбий-техника воситалари кенг оммага намойиш қилинди. Шунингдек, ҳарбийларнинг кўчма палаткалари қад ростлаб, дала машғулотлари, ҳарбийлар яшаш шароитидан лавҳалар тақдим этилди.

Тадбирда қатнашган самарқандликлар бевосита ҳарбийларимиз томонидан бошқарилаётган бугунги техника воситалари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Вилоят Ёшлар марказида эса сана муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унга Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиб, Ватан ҳимоясидек шарафли ишда сафдошларига ўрнак бўлаётган фидойи ходимлар, ҳарбийлар, уларнинг оилалари ҳамда фахрийлар таклиф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига фахрий ёрлиқ. эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага янада хуш кайфият улашди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?