Самарқандда шаҳар куни кенг нишонланмоқда

17:51 18 Октябр 2022 Жамият
297 0

Фото: Халқ сўзи

1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри «Амир Темур» ордени билан тақдирланган ва бу сана «Самарқанд шаҳар куни» деб белгиланган эди. Шундан буён, мана чорак асрдан ошибдики, ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.

Бу йил ҳам анъанага кўра, Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилаётган асосий байрам тадбирлари Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Ўтган буюк аждодларимиз руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Шунингдек, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Самарқанд шаҳри билан биродарлашган шаҳарлардан келган меҳмонлар томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.

Шу зайл Самарқанд шаҳрининг хиёбон, кўча ва маҳаллаларида байрам тантанаси бошланди.

Университет хиёбонида ўтказилаётган байрам тадбирларида турли миллий маданият марказлари ўзларининг мусиқий дастурлари ҳамда миллий таомлари билан иштирок этяпти.

— Ўзбек ва озарбайжон халқларининг урф-одатлари жуда ўхшаш, — дейди Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Одил Мирзаев. — Алоқаларимиз кейинги йилларда, айниқса, ривожланди. Самарқанддан Бокуга ҳафтада икки марта авиарейс қўйилди. Бу туризм ва маданий алоқаларни янада жонлантиради.

Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида сана муносабати билан Самарқанд шаҳридаги 80 дан ортиқ мактаб ўқувчилари томонидан чизилган рассомлик ва қўлда ясалган ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси намойиш этилмоқда.

Шу билан бирга мазкур боғда гуллар ва қушлар, Шарқ ширинликлари ва бошқа бир қатор фестиваллар, ярмаркалар ҳамда кўргазмалар ташкил қилинди. “Made in Uzbekistan” саноат ярмаркасида Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилмоқда.

Шаҳар марказидаги «Мармар» деҳқон бозорида эса Самарқанд шаҳри куни муносабати билан арзонлаштирилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Бу ерда вилоятнинг Самарқанд, Тойлоқ, Каттақўрғон, Қўшработ, Иштихон ва Паст Дарғом туманларида фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда.

— Ҳар байрам арафасида шаҳримизда арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилади, — дейди самарқандлик меҳнат фахрийси Асқар Қаршиев. — Бу ерда гўшт-сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар — ҳаммаси анча арзон ва сифатли. Қадрдон бўлиб қолган байрамни тўкин дастурхон атрофида нишонлаш оиламизнинг анъанасига айланиб қолди.

Сана муносабати билан шаҳарда қатор корхона ва ташкилотларнинг янги бинолари, савдо дўконлари ва меҳмонхоналар фойдаланишга топширилди. «Идеал электролюкс» корхонасининг янги лойиҳаси шулар жумласидандир.

— Шу пайтгача корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маиший техника жиҳозлари учун эҳтиёт қисмларининг аксарияти Эрон ва Туркиядан келтириларди, — деди тадбиркор Соҳиб Азимов. — Маҳаллийлаштириш дастури асосида янги лойиҳалар ниишга туширдик. Бугун очилган корхонамизда газ плиталари ва печлар учун ойналар тайёрланяпти. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилди.

Самарқанд шаҳри кунига бағишланган тадбирлар доирасида “Zarafshon Parkside” меҳмонхонаси ҳам фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди. Тадбир иштирокчилари меҳмонхонада яратилган шароитлар билан танишди.

Байрам тадбирлари шаҳар бўйлаб давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер