Самарқандда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ортмоқда

14:49 27 Июль 2022 Жамият
324 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор, берилаётган имконият ва имтиёзлар натижасида Самарқанд вилоятининг ҳам экспорт салоҳияти ортиб бормоқда.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида вилоятда 282,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товарлар экспорти амалга оширилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 95,3 миллион АҚШ долларига ёки 51 фоизга кўп демакдир. Экспорт қилинган товарларнинг асосий қисми мева-сабзавотлар, ундан сўнг тўқимачилик маҳсулотлари ҳисобланади.

Ургут тумани Мингтепа маҳалласидаги “Zuhriddin Golden” МЧЖда 70 нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Бу ерда йилига 2-3 минг тоннагача майиз қайта ишланиб, экспортга чиқарилади.

— Корхонамиз томонидан ўтган йили 5 миллион долларлик маҳсулот Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинди, — дейди “Zuhriddin Golden” МЧЖ раҳбари Неъматжон Амонов. — Яқинда Қозоғистонда ҳамкорларимиз билан келишиб, кичик савдо маркази очдик. У ерда нафақат майиз, балки сархил мевалар сотуви ҳам йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 150 минг долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди. Йил охиригача жами 15 миллиард сўмлик маҳсулот сотишни режалаштирганмиз.

Ҳозирги айни пишиқчилик мавсумида вилоятда қуруқ ва дуккакли дон қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, яқинда Паяриқ туманидаги “BAXMAL GOLD GRAIN” корхонаси томонидан 22 минг тоннадан ортиқ ловия Грузияга экспорт қилинди.

Жомбой туманида жойлашган «Ҳабибулло маҳсулотлари» МЧЖ корхонасидан эса 25 тонна қуритилган олхўри маҳсулоти Хитой Халқ Республикасига ҳамда «Гулоби» фермер хўжалигидан Эрон давлатига 24 тонна ловия жўнатилди.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини йил охирига қадар яна бир неча баробарга ошириш кўзда тутилган.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер