Самарқандда паратриатлон бўйича Осиё чемпионатига старт берилди

17:38 09 Июнь 2023 Спорт
577 0

Фото: “Халқ сўзи”

Аввал хабар қилинганидек, 9 июнь куни Ўзбекистон тарихида илк бор Самарқанд шаҳрида паратриатлон бўйича Осиё чемпионатига старт берилди.

Иштирокчилар 750 метр масофага сузиш, 20 километр велосипедда ҳаракатланиш, 5 километрга югуриш баҳсларида қатнашмоқда.

Мусобақаларда Австрия, Чили, Кипр, Маврикия, Словакия, Уругвай, Миср, Венгрия, Иордания, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Қирғизистон каби йигирмага яқин давлатдан 300 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.

— Мазкур чемпионат сентябрь ойида ўтказиладиган жаҳон кубоги олдидан тайёргарлик вазифасини ўтайди, — дейди Самарқанд вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Шунингдек, ушбу мусобақада спортчилар халқаро рейтинг очколарини олишга муваффақ бўлишади.

Ушбу қитъа биринчилигида юртимиз шарафини 6 нафар паратриатлончимиз ҳимоя қилмоқда. Булар Илҳомжон Эшонқулов, Рустамжон Сотиболдиев, Машҳурбек Абдусаматов, Саидакбар Ғозиев, Миржалол Қурбонов ва Абдулазиз Эшбоевлардир.

Спортчилар дастлаб сузиш, кейин велосипед, сўнгра югуриш пойгаларида ўзаро баҳс олиб боришяпти.

— Паратриатлон бўйича илк Осиё чемпионати Самарқандда ўтказилаётгани биз учун ўзига хос имконият бўлди, — дейди юртимиз терма жамоаси аъзоси, фарғоналик спортчи Илҳом Эшонқулов. — Шу пайтгача ногирон-ампутантлар ўртасида футбол бўйича, ногиронлар ўртасида сузиш баҳсларида иштирок этиб, юқори натижаларга эришганман. Юртимизда ўтаётган паратриатлон бўйича Осиё чемпионатида ўз имкониятларимни синаб кўришга қарор қилдим. Мусобақага тайёргарлик ишлари юқори даражада ташкил қилинган. Ҳаммаси халқаро стандартларга мос тарзда давом этмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Триатлон федерацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Паралимпия қўмитаси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган мусобақаларга пухта ҳозирлик кўрилди.

Кейинги кунларда Самарқанд триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Осиё кубоги мусобақаларига ҳам мезбонлик қилади.

Абдулазиз Йўлдошев,

(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер