Самарқандда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 18,7 мингта лойиҳа молиялаштирилган

17:54 30 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
216 0

Вилоятдаги тижорат банклари томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан тадбиркорларга 5 триллион 462 миллиард 494 миллион сўм кредит ажратилди.

Жумладан, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 1129 та инвестиция лойиҳасига 2 триллион 53 миллиард 494 миллион сўм кредит ажратилди.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари доирасида 18 706 та лойиҳага 528 миллиард 324 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Шунингдек, «Темир дафтар»да рўйхатга олинган 1562 нафар фуқарога 26 миллиард 7 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ажратилган кредитлар ҳисобига вилоятда 22 700 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Президентимизнинг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича 2020 йилда вилоятдаги тижорат банклари томонидан 406 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланган бўлиб, 528 миллиард сўм ёки 30 фоиздан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди.

2020 йилнинг ўтган даврида ажратилган кредитлар бўйича Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг молиявий кўмагида 2468 та тадбиркорлик субъектига ажратилган 1 триллион 793 миллиард 26 миллион сўмлик кредит бўйича фоиз xаражатларини қоплашга компенсация жалб этилди. 340 та тадбиркорлик субъектига ажратилган 407 миллиард 541 миллион сўмлик кредитлар бўйича кафиллик белгиланди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?