Самарқандда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг 54-ялпи мажлиси бўлиб ўтди

16:03 28 Октябр 2022 Сиёсат
836 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2022 йил 27 октябрь куни МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро ассамблеяси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламент делегациялари, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Парламент аъзолари сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги кўплаб намунавий қонунларни кўриб чиқди.

Бундан ташқари, хавфсизлик, фан ва таълим, интеллектуал фаолият ва бошқа соҳаларга оид қатор намунавий ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда. Ҳамдўстлик давлатларининг депутатлари ва сенаторлари келгусида ўз давлатларининг миллий қонунчилигида намунавий қонунларда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Намунавий қонун ижодкорлиги Ассамблеянинг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади. Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентлари аъзоларининг МДҲ ПА майдонидаги ўзаро ҳамкорлиги туфайли республикаларимиз ҳуқуқий тизимларининг уйғунлашувини таъминлашга ва МДҲ ҳудудида ҳаётнинг турли соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишда келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга эришилмоқда.

МДҲ ПА фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган.

Федерация Кенгаши раҳбари В.Матвиенко Ассамблеянинг Самарқанддаги сессияси доирасидаги тадбирлар дастури кенг эканини айтди. «Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга МДҲ ПА мажлисини Самарқандда ўтказиш таклифи учун миннатдорчилик билдирамиз. Ассамблеянинг 30 йиллиги нишонланаётган йилда Ассамблея фаолиятида биринчи марта ялпи мажлис ва МДҲ ПА Кенгаши Санкт-Петербургдаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда», - деди у.

Танзила Нарбаева ўтган 30 йил давомида МДҲ ПА Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилганини қўшимча қилди. «Ассамблея МДҲ маконида демократик жараёнлар, парламентаризм ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Унинг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашдаги роли ортиб бормоқда».

Тожикистон Мажлиси намояндагон Мажлиси Оли раиси Махмадтоир Зокирзоданинг фикрича, МДҲ ПА парламентлараро ҳамкорлик ва қонун ижодкорлигининг муҳим ва нуфузли институтига айланди, унинг асосий саъй-ҳаракатлари иштирокчи давлатларнинг миллий қонунчилигини яқинлаштиришга ва умумий ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган.

Қирғизистон Жогорку Кенеши раиси Нурланбек Шакиев ишонч ва ўзаро англашувга асосланган МДҲ ПА салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар катта аҳамият касб этишини таъкидлади. ПА барча йўналишларда – сиёсий, иқтисодий, гуманитар, жамоавий хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик, ўзаро манфаатли шерикликнинг самарали тузилмаси бўлиб қолиши керак.

Кенгаш иштирокчилари МДҲ ПА эллик тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибини муҳокама қилди, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2022 йил 14 октябрдаги қарорларини, шунингдек, МДҲ ПА бир қатор Доимий комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитди.

Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев Қозоғистоннинг 2022 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги ҳақида маълумот берди. У МДҲ ПА 30 йил давомида кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали институти сифатида ўзини намоён этганини, таълим, ижтимоий сиёсат ва инсон ҳуқуқлари, маданият, туризм ва ҳамкорликнинг бошқа соҳаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланганини таъкидлади.

Федерация Кенгашининг Фан, таълим ва маданият қўмитаси раиси Лилия Гумерова илм-фан ва таълим соҳасида намунавий қонун ижодкорлигининг истиқболли йўналишлари бўйича тавсиялар тақдим этди. Унинг сўзларига кўра ҳужжат амалдаги намунавий ҳужжатларни янгилаш ва янги қонунлар ишлаб чиқиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олади.

«Давлатлараро муносабатлар ва миллий қонунчиликнинг ривожланиши, янги технологиялар ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши муносабати билан фан ва таълим соҳасини намунавий тартибга солиш доимий такомиллаштиришни тақозо қилмоқда».

Кенгаш иштирокчилари МДҲ ПА ҳузуридаги Экология ва табиатдан фойдаланиш бўйича Эксперт кенгашини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ҳамда Кенгаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Мазкур масала юзасидан Федерация Кенгашининг Аграр-озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси аъзоси Виктор Новожилов маъруза қилди.

МДҲ ПА Кенгаши Бош котиби Дмитрий Кобиский 2023-2025 йилларга мўлжалланган МДҲда намунавий қонун ижодкорлигининг Истиқболли режаси лойиҳаси ва Парламентлараро Ассамблеянинг келгуси йил учун иш режаси ҳақида сўз юритди.

МДҲ ПА Кенгаши мажлиси кун тартибидаги масалалар муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раиси Нуриддин Исмоилов, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Сагиба Гафарова, Арманистон Миллий Мажлиси Раиси Ален Симонян, Беларус Республикаси Миллий Мажлис Республика кенгаши Раиси Наталя Кочанова, Туркманистон Миллий Генгеши Мажлиси Раиси Гулшат Маммедова иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?