Самарқандда Марказий Осиё ёшлари дўстлик ва мустаҳкам қўшничилик форуми ўз ишини бошлади

17:04 13 Март 2023 Жамият
653 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот» лойиҳаси доирасида Марказий Осиё ёшлари дўстлик ва мустаҳкам қўшничилик форуми ўз ишини бошлади. Унда минтақа давлатларидан юз нафарга яқин ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Лойиҳа Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари - «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда «Гендер ва тараққиёт» жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.

«Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот» лойиҳаси асосида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик, радикаллашувнинг олдини олиш, миллатлараро низолар сабаблари ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш, маҳаллий фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ёшлар ташаббуслари, уларнинг трансчегаравий мулоқот иштирокчилари бўлишлари учун имкониятлар яратиш мақсад қилинган.

Айтиш керакки, айни лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Фарғона давлат университети қошида ва Қирғизистонда Ўш давлат университети қошида Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказлари очилди. Бундан ташқари лойиҳа давомида ўтказилган 50 дан зиёд мулоқот, дебат дастурлари ва тренингларда 5 мингдан ортиқ чегарадош ҳудудларнинг ёшлари иштирок этди. Ёшларнинг энг яхши ташаббуслари учун 4 минг евро грант ажратилди.

Фарғона водийси ёшларининг муаммоларини аниқлаш, этник ва диний камситилиш, тоқатсизликни кўрсатувчи медиа материаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар контенти таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида минтақавий медиа-стратегия ишлаб чиқилди. У Фарғона водийсида ва Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг трансчегаравий ҳудудларида тинчлик, бағрикенглик масалаларини тарғиб қилиш мақсадида давлат органлари, ННТ, ОАВ вакиллари, диний етакчилар ва фуқаролар учун тарғибот-ташвиқот ишларини режалаштиришга кўмаклашади.

Самарқандда уч кун давом этадиган мазкур форум доирасида халқаро дебат турнирлари, таълим ва ахборот сессиялари, ёшлар ўртасида мулоқот ва ҳамжиҳатликни ривожлантирувчи трансчегаравий лойиҳа ғояларини ишлаб чиқиш учун хакатон ўтказилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?