Самарқандда мактабгача таълим қамрови ортмоқда

14:11 22 Июль 2022 Жамият
259 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 340 минг 974 нафар боғча ёшидаги болаларнинг 65,3 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Шу йил якунига қадар эса 3-7 ёшли болаларнинг МТТга қамровини 72,7 фоизга етказиш режалаштирилган.

Айни шу мақсадда янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши жадал суръатда олиб борилмоқда. Куни кеча Нуробод туманининг «Дўстлик» маҳалласида 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Туман вилоятнинг чекка ҳудудларидан саналади. «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини эса туман марказидан бирмунча узоқда жойлашган. Бугунгача бу ерда битта оилавий нодавлат мактабгача таълим муассаса мавжуд бўлиб, 3-7 ёшли болаларнинг 338 нафари ушбу боғчага қатнар эди.

«Титан строй» МЧЖ томонидан вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган давлат МТТ биноси замонавий мебеллар, ўқув-услубий, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланган. Бундан қишлоқ болалари ва уларнинг ота-оналари жуда мамнун.

Жомбой туманидаги «Холвойи» МФЙда жойлашган, 120 ўринга мўлжалланган 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам инвестиция дастури асосида қуриб фойдаланишга топширилган. Унда 6 та тўлиқ асосий гуруҳлар, 2 та қисқа муддатли гуруҳлар фаолият юритади. Мазкур муассасада яратилган шароитлар натижаси ўлароқ бу ерда тарбияланаётган болалар зукко, доно, ҳозиржавоб, билим олишга қизиқишлар юқори.

Туманнинг Самарқанд маҳалласида давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган «Юлдузли маржон» мактабгача таълим ташкилоти ҳам шаҳар боғчаларидан қолишмайди. 2021 йили қурилган ушбу МТТ қуввати юз ўринли бўлиб, болаларга хорижий тилларни ўргатишда намунали тажриба тўпланган. Бу ерда машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тиллларида олиб борилади. Бунинг учун алоҳида хоналар ажратилган ва малакали педагоглар жалб қилинган.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер