Самарқандда маҳалла раиси фуқарони аёллар дафтарига киритиш учун  500 доллар сўради

12:56 16 Март 2021 Жамият
952 0

Булунғур тумани «Ўроқли» МФЙ яшовчи фуқаро Д.М. ариза билан маҳаллага мурожаат қилган. 

МФЙ раиси Ш.Д. уни кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйларга эҳтиёжманд фуқаро сифатида маҳалла аёллар дафтари (темир дафтар)га рўйхатга олиш ва тегишли тавсиянома беришини ҳамда туман ҳокимлигида ишловчи мансабдор танишлари орқали уй олиб бериш эвазига 500 АҚШ долларини беришни айтган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар берди.

Фуқаро Д.М. мазкур ҳолат бўйича маҳалла раиси устидан ариза билан мурожаат қилган. Ариза юзасидан ДХХ Тайлоқ туман бўлими ва Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Д. Д.М.дан 500 АҚШ доллари пул маблағларини Булунғур туман ИИБнинг маъмурий биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилоят прокурори Равшан Машарипов бошчилигида коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг сайёр тартибдаги йиғилишида Булунғур тумани «Ўроқли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Д. томонидан содир этилган жиноят маҳалла, жамоатчилик ва комиссия аъзоларининг иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?