Самарқандда хорижий инвестицияларни жалб қилиш мавзусида 1-халқаро бизнес форум бўлиб ўтди  

10:59 05 Ноябрь 2021 Иқтисодиёт
597 0

Фото: "Халқ сўзи"

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолияти учун берилаётган имтиёз ва  имкониятлар, қулай инвестицион муҳитнинг яратилаётгани нафақат маҳаллий, балки хорижий инвесторларнинг ҳам қизиқишини оширмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, юртимизда хорижий инвестициялар оқимининг ҳажми ортиб, улар иштирокида кўплаб қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйиляпти. Самарқандда ўтказилган халқаро бизнес форуми Ўзбекистонга хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, уларни мамлакатимиздаги тадбиркорлик муҳити билан яқиндан таништириш ҳамда ҳамкорлик алоқалари кўламини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, дейиш мумкин.   

“Ўзбекистон тараққиёти учун бевосита хорижий инвестицияларни жалб қилиш" мавзуида ўтган халқаро форумда Форс кўрфази Араб давлатлари ҳамкорлик Кенгашига кирувчи мамлакатларнинг етакчи ишбилармонлари иштирок этди. Юртимизда инвестицион муҳитни янада ривожлантириш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтаган ушбу бизнес форум потенциал инвесторлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга, ахборот олиш ва тўплаш тизимини мустаҳкамлашга, Форс кўрфази Кенгашига аъзо мамлакатларнинг сармояларини жалб этиш, бу борадаги тажрибаларни алмашишга хизмат қилиши иштирокчилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Халқаро форум ишида Zoom платформаси орқали  Қувайт давлатида фаолият кўрсатувчи йирик ишбилармон доира вакиллари, инвесторлар сўз олиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий алоқалар кўлами хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Эътироф этилганидек, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд вилояти   бизнес соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун  қулай ҳудуд саналади. Бу ерда туризм, нефть-газ саноати, транспорт-логистика тармоқларини ривожлантириш учун имкониятлар етарли. Шундан келиб чиққан ҳолда икки давлат сармоядорларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган бу каби тадбирлар муҳимдир.

Халқаро форумда  Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳияти, транспорт-логистик имкониятлари, Ургут эркин иқтисодий ҳудуди ва у ерда яратилган қулай шароитлар хусусида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

 

  Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер