Самарқандда ҳунармандларнинг иши тўхтаб қолгани йўқ

10:23 18 Май 2020 Жамият
669 0

Юртимизда карантин чекловлари эълон қилинган дастлабки кунларда Президентимизнинг “Ҳурматли ҳунармандлар! Сизларнинг меҳнатингиз, янги-янги ташаббусларингиз ҳозирги вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга, албатта, муносиб ҳисса қўшади”, деган гаплари уюшмамизга аъзо ҳунармандларни руҳлантирди. Натижада, мана, салкам икки ойдирки, улар уйида ўтириб, мунтазам ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда, ёшларга ҳунар сирларини ўргатиб, рўзғорига даромад келтиряпти.

— Пандемия шароити фаолиятимизни бироз чеклагани бор гап, аммо уйда бўлсак-да ишлимиз, даромад қиляпмиз, — дейди Ўзбекистон халқ устаси, кулол Холмаҳмат Исматиллаев. — Ўтган вақт давомида қарийб 8 миллион сўмлик кулолчилик маҳсулотлари ясадим. Уйда қолганим кўпдан бери ўйлаб юрган янги услуб-мусаввирлик санъати ва сополчилик касбини уйғунлаштиришни синаб кўриш имкониятини берди. Тўғри, минг йиллар давомида Самарқанд кулоллик мактаби тарихида анъанавий чизма услубларидан фойдаланилган. Бироқ ноанъанавий усуллар, яъни нақшлар ва тасвирлар билан ишлов бериш услуби янгилик эди. Буни амалга оширишда фарзандларим, невараларим ҳам бирдек ҳаракат қилишди: бири сопол идиш ясади, бири юқори иссиқликда қуритди, бири турли шаклдаги сурат ва нақшлар солди. Шунингдек, уй шароитида маҳалламизда яшовчи тўққиз нафар ёшга кулолчилик сирларини ўргатяпман.

Холмаҳмат ака каби тажрибали усталаримиз саъй-ҳаракати туфайли 2020 йил 15 май ҳолатида уюшмамизга 308 ҳунарманд аъзоликка қабул қилинди ва жами аъзоларимиз 2172 тани ташкил қилмоқда. Қувонарлиси, уларнинг 909 нафари ёшлар. Бундай деяётганимга сабаб бор: аввал шундай ҳолат юзага келгандики, айрим ҳунармандчилик турлари бўйича шуғулланувчи ҳунармандлар бармоқ билан санарли ва кекса эди. Бу эса ўша ҳунарнинг давомчиси йўқлиги боис йўқолиб кетиш хавфи кўпчиликни ташвишлантирар эди. Агар мавжуд ҳунармандларнинг ўртача ёши аввал 48-50 ёш бўлган бўлса, эндиликда ўн етти-йигирма ёшли йигит-қизларнинг ҳунармандлар этагидан тутгани, соҳага қизиқиш ортгани боис уларнинг ўртача ёши 40 ёшни ташкил этмоқда. Буни айни кунларда “Уста-шогирд” анъанаси асосида йигирмадан зиёд ҳунар турлари бўйича 643 шогирд мунтазам шуғулланаётганидан ҳам яққол билиш мумкин.

Айни карантин даврида Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида яшовчи каштадўз Мавлуда Ҳамдамова, Самарқанд тумани Юқори Туркман маҳалласида яшовчи мусиқа асбоблари устаси Бобомурод Ҳайдаров, Иштихон тумани Ўзбекистон маҳалласида яшовчи қуроқчилик устаси Раҳима Ҳакимова уйида ёшларга ўз ҳунар сирларини ўргатмоқда.

Яна бир гап. Самарқанд шаҳар Бунёдкор маҳалласида яшовчи ёғоч ўймакори Мансур Асадов бугунги кунда уйида ёшларга ўз ҳунари сирларини ўргатиш билан бирга “Ёғоч ўймакорлиги музейи”ни ташкил этмоқда. Ҳадемай у ерда ўзининг 15 нафар шогирди билан фаолият бошлайди.

Карантин даврида ҳунармандларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Яъни, 2020 йил давомида ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига кўра вилоятимизда 835 та лойиҳани амалга ошириш, бунинг учун 849 ҳунармандга 30 миллиард 365,4 миллион сўм имтиёзли банк кредитлари ажратиш ва 2091 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Бугунги кунда имтиёзли банк кредитларини расмийлаштириб, фаолият олиб бораётган ҳунармандлар 422 нафарни ташкил этмоқда ва улар 14 миллиард 499 миллион сўм миқдорида маблағ билан таъминланди. Натижада 954 та янги иш ўрни яратилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Умид Ҳакимов,

“Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?