Самарқандда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва саноатчилар форуми бўлиб ўтди

18:55 17 Май 2024 Жамият
105 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанддаги «SOF EXPO SAMARKAND» кўргазмалар мажмуасида гастрономик туризм, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, электротехника, фармацевтика саноати, мебелсозлик ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ярмарканинг очилишида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Г.Саидова, Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов ва вилоят ҳокими Э.Турдимов, туман-шаҳарлар ҳокимлари ва соҳага масъул ўринбосарлар иштирок этишди.

Саноат ярмаркасида вилоят ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда Бухоро, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва россиялик тадбиркорлар ҳам қатнашди. Кўргазмада 2500 та саноат корхонаси 7,5 мингдан ортиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари билан иштирок этди. Бу галги кўргазмада корхоналар томонидан электр радиаторлар ва конвекторлар, электр жиҳозлар, янги турдаги ТМГ русумли трансформаторлар, ўсимликларни ҳимоялаш учун кимёвий воситалар, гипсокартон учун қоғоз, автомобиль эҳтиёт қисмлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш мосламалари каби 80 турдан ортиқ рақобатбардош маҳсулотлар намойиш қилинди.

Ярмаркада озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга катта аҳамият берилган. Вилоятдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган ва қайта ишлайдиган 22 та йирик ва кичик корхона учун алоҳида жойлар ажратилиб, улар томонидан импорт қилинаётган ва маҳаллийлаштиришга тавсия этилаётган хомашё намойиш этилди.

— Корхонамиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, — дейди «Булунғур Сандвик» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Аббос Мўминов. — Корхонамиз тасарруфидаги 300 гектар ерда ва фермер хўжаликлари билан шартнома асосида етиштирилган маҳсулотлардан кунига 15 тоннадан 70 тоннагача қайта ишлаб, АҚШ, Европа ва Осиё давлатларига экспорт қиламиз. Ҳар бир давлатнинг мувофиқлик сертификати олинган ва шу асосда маҳсулот сотамиз. Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспортини амалга оширдик. Кўргазмага қуритиб қайта ишланган 20 га яқин турдаги маҳсулотларимиздан намуналар олиб келдик ва янги ҳамкорлик келишувларига эришдик.

Форум доирасида панель сессия ва муҳокамалар ҳам ўтказилди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қисқартириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш мавзусидаги муҳокамада саноати ривожланмаган давлат бой бўла олмаслигига таъкидланди.

— 2022 йилда вилоятимизда 65 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулоти импорт қилинган, — деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. — Ҳозирда вилоятимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 2200 та корхона бор ва уларнинг 1966 таси фаолият юритмоқда. Бу йўналишдаги корхоналар сони кейинги беш-олти йилда қарийб икки баробар ошди. Сектор раҳбарлари ва иқтисодий блок масъуллари билан биргаликда вақтинча ишламасдан турган 234 та корхона ўрганилиб, фаолиятини тиклаш чораларини кўряпмиз. Ишлаб турган корхоналарни эса тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш ва асосийси илмга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, талабга мос маҳсулот тақдим қилишга эътибор қаратишимиз керак.

Кўргазма доирасида алоҳида павильонда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг 70 га яқин инновацион стартап лойиҳалари намойиш этилди. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали рақамли кутубхона, Таиландча музқаймоқ, капидеим санъати (капалакли букет), резинарт санъати (чиқиндидан сувинер ишлаб чиқариш), 3Д принтерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бинолар макетлари, эсдалик совғалар ва сувинерлар ишлаб чиқариш ва мобил телефон орқали бошқариладиган уйдаги ис газининг меъёрини ўлчовчи қурилмалар намойиш этилди. Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабалари эса ўрик туршагини қайта ишлаб, майдалаган ҳолда бир марта фойдаланишга мослаб қадоқлаш технологиясини тақдим этишмоқда. Шунингдек, институт талабаси Севинч Алибекова матсарелла пишлоғини ишлаб чиқаришда катта миқдорда ажралиб чиқадиган зардобдан сифатли ва истеъмолга яроқли сариёғ ишлаб чиқариш технологиясини тақдим этди. Бу лойиҳа вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлар кенгаши томонидан 45 миллион сўм миқдорида молиялаштирилган ва олийгоҳнинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар харид қилиниб, 3 та иш ўрни яратилган. Ҳозирда барча текширувлардан ўтган ва сифат сертификатига эга бўлган, истеъмолга яроқли матсарелла пишлоғи, йогурт ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, савдо дўконларига етказиб берилмоқда.

Кўргазма доирасида тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун В2В, В2Г форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Икки кунлик ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси давомида иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик ва маҳсулотлар хариди борасида бир қатор йирик келишувларга эришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?