Самарқандда Фирдавсий майдони очилди

01:28 11 Сентябр 2022 Жамият
889 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳрининг Фирдавсий кўчасида қомусий олим Абулқосим Фирдавсий майдони очилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда вилоят фаоллари ва Самарқанд шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Қатнашчилар мадраса ва масжидда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Тадбирда сўз олганлар Президентимизнинг ташаббуси билан вилоятда кейинги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини таъкидлашди.

Хусусан, Фирдавсий кўчаси ва бу ердаги тарихий Панжоб мадрасаси таъмирланиши халқимиз маънавий меросини асраб-авайлаш борасидаги ишларнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Бу ерда мавжуд 24 та хонада форс, араб ва инглиз тилларини ўқитиш, миллий либослар, каштачилик, бичиш-тикиш, ипак гилами тўқиш, заргарлик, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари ясашга ўқитиш ва ўргатиш, кутубхона ва мадраса тарихи музейи, китоблар ва шу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси фаолияти йўлга қўйилди. Бинода махсус музокаралар ва учрашувлар ўтказиш хонаси ташкил қилинди ҳамда «Ўзбекистон-Эрон дўстлик жамияти»нинг иши фаоллаштирилди. Ҳомийлар кўмаги билан мадраса биносига туташ «Панжоб» масжидида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари мадраса атрофидаги айрим бино ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилиб, кўркам майдон ташкил этилди ва шу пайтгача мадраса ҳовлисида бўлган Абулқосим Фирдавсий ҳайкали ушбу майдонга ўрнатилди.

Фирдавсий номи билан аталувчи 3,2 километр масофадаги кўча тўлиқ таъмирланиб, асфальт ётқизилди, пиёдалар йўлаклари, сув қувурлари, электр ва алоқа тармоқлари тартибга келтирилди, тунги ёритгичлар ўрнатилди, светофор тармоқлари янгиланди, йўл бўйлаб гулзорлар яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер