Самарқандда фаол тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда

16:24 13 Сентябр 2023 Жамият
257 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Президент Фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган фаол тадбиркорлар жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда.

Шундай учрашувлардан бири Самарқанд туманининг Урганжи маҳалласида бўлиб ўтди ва унда “Дўстлик” ордени соҳиби, фаол тадбиркор, Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд Tian Zhu Silk Worm” қўшма корхонаси таъсисчиси Салоҳиддин Бобомуродов йиғилганларга ўз бизнеси муваффақиятлари ҳақида сўзлаб берди.

С. Бобомуродов мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўзлар экан, бундай ғамхўрликдан унумли фойдаланиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш бугунги ёшларимизнинг асосий вазифасига айланиши зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда ушбу имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда Самарқанд туманида иқтисодий ва молиявий билимга эга бўлган тадбиркорлар сонини ошириш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш, истиқболли режаларни амалга ошириш ва шу орқали янги иш ўринларини яратиш лозимлиги айтиб ўтилди. Кичик бизнесни йўлга қўйиш, ривожлантириш юзасидан берилган саволларга тадбиркор томонидан батафсил жавоб берилди.

Худди шундай учрашувларнинг навбатдагиси булунғурлик тадбиркор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Меҳринисо Умумрзақова иштирокида ташкил этилди. Учрашувда тадбиркорлик фаолиятига қизиқувчи, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган йигит-қизлар ва соҳа масъуллари иштирок этишди.

Тадбир давомида тадбиркор М. Умурзоқова ўзининг соҳадаги кўп йиллик ҳаётий тажрибасини йиғилганлар билан ўртоқлашди. Бунда энг аввало, ишни кичик лойиҳалардан бошлаш лозимлигини уқтириб ўтди.

— Бугунги кунда 4-5 та кичик бизнесларим ишлаб турибди. Бироқ, шу билан тўхтамоқчи эмасман. Ҳали олдинда режаларим кўп. Қилаётган меҳнатларимнинг самарасини кўрсам, барча чарчоқларим чиқиб кетади. Истасангиз, уйимга боринг, сизларга ҳам ўргатаман, — дейди М. Умурзоқова.

Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида “Шуҳрат” медали соҳиби, фаол тадбиркор Анвар Норбоев билан ўтказилган учрашув ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Ёшлар билан мулоқотда тадбиркор муваффақиятлар калити энг аввало билимда эканлигини, бу йўлда талабаликнинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, берилаётган имкониятлар ҳақида ўз фикрларини баён қилди.

Шу ўринда айтиш керакки, бундай учрашувлар ўзининг ҳалол меҳнати билан юқори натижаларга эришган тадбиркорларнинг фаолиятини оммалаштириш, аҳоли орасида тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва ёшларнинг бизнес соҳасидаги ҳуқуқий билимини оширишга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?