Самарқандда аҳолига йил якунига қадар 2 минг 270 гектар ер ижарага берилади

12:00 25 Ноябрь 2022 Жамият
276 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 сентябрдаги «Деҳқон хўжаликларни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Самарқанд вилоятида жорий йил якунига қадар қўшимча 2 минг 270 гектар, 2023 йилда эса 7 минг 586 гектар экин майдонлари очиқ ва шаффофликни таъминлаган ҳолда деҳқончилик кўникмаларига эга бўлган, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли вакилларига ижарага берилади.

Шунга кўра сув таъминоти яхши бўлган экин майдонлари камида 0,30 гектарга ҳамда кам сувли ерлар 0,5 гектарга тенг бўлган ҳажмларда лотларга ажратилиб, очиқ электрон танловга қўйилган.

Эътиборлиси, мазкур ижарага берилаётган ер майдонларида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тавсиясига биноан ҳудудлар эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп экинлар экилмоқда. Бунда сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва картошка экинларини интенсив усулда экишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Етиштирилган тайёр маҳсулотни харид қилиш, уни қайта ишлаш, сақлаш, ички ва ташқи бозорларга йўналтиришга агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналар жалб қилинмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йил бошида вилоятда 6 минг 303 гектар ер майдони фуқароларга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган эди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?