Самарқандда аҳоли муаммолари қандай ҳал этилмоқда?

18:18 08 Июль 2021 Жамият
430 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Самарқанд — эртакмонанд шаҳар. Қадимий обидалар, осмонўпар минораларни ҳайрат билан томоша қилиб юрган фарангу инглиз, испану италян, ҳинду хитой, турку араб тилида сўзлашувчи хорижий сайёҳларни кўриб бу манзилнинг салоҳияти юксаклигига ишончимиз янаям ортади.
Аммо бу кўҳна ва қадимий кентдаям ўз ечимини кутаётган талай муаммолар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами бор. Уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, оғрини енгил қилиш масалаларини давлатимиз, ҳукуматимиз ўз зиммасига оляпти. Бу борада жойларда шакллантирилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”ларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Уларда рўйхатда турувчи оилалар, фуқаролар мутасаддиларнинг доимий эътиборида.

Самарқанд шаҳрининг 2-сектор ҳудудида иш қизғин. Бу ерда аҳолини қийнаётган масалалар бирма-бир ҳал этиб бориляпти. Барчасига Самарқанд шаҳри прокурори, 2-сектор раҳбари  Дилмурод Сайидқулов бош-қош. 
Иккинчи сектор ҳудуди 72 та маҳаллани қамраб олган. Қарийб 23 минг хонадонда 184 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бироқ уларни қийнаётган масалалар турлича. Демак, фуқароларга аниқ манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун, аввало, уларнинг мажуд муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш зарур. Айни шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими қўл келди. 2-сектор вакиллари хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан юзма-юз мулоқотда бўлишди. Турли сўровномалар орқали кимга қандай ёрдам кўрсатиш зарурлигини аниқлаб олишди. Шу тариқа бу вазифалар чора-тадбирлар дастури ва “йўл харита”сидан жой олди. Ўз навбатида, 72 та маҳалланинг 275 та “ўсиш нуқтаси” белгилаб олинди. Жумладан, 5 та маҳаллада новвойлик, 58 та маҳаллада текстиль ва тўқимачилик, 8 тасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 4 та манзилда қандолат ва пишириқ, 12 та ҳудудда бошқа йўналишдаги кичик корхоналарни ташкил этиш зарурати мавжуд. 
Мисол учун, “Боғи баланд”ни туризм маҳалласига айлантирса бўлади. Шундан келиб чиқиб ҳозир ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, 5 та маҳаллада ҳунармандчилик, 3 тасида туризм, 18 та манзилда қишлоқ хўжалиги ривожлантирилади. Натижада 1152 та иш ўрни яратилиб, шунча фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлади.

Ўтган йилги коронавирус пандемияси ҳамма учун оғир келди. Унинг асоратларидан ҳануз тўлиқ халос бўла олганимиз йўқ. Шундай мураккаб бир вазиятда фуқароларнинг ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ортди.  Давлат эса уларнинг ҳеч бирини эътибордан четда қолдиргани йўқ. Шу сабабли 2-секторга қарашли моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 2097 та оила “Темир дафтар”га киритилди. Натижада жами 9321 нафар фуқарони давлат қарамоғига олди. 
Маълумки, муҳтожлик ишсизлик оқибатида келиб чиқади. Доимий даромади йўқ оилада эса муаммолар кўлами катталашиб бораверади. Шу боис, 2-сектор мутасаддилари, аввало, эҳтиёжманд оилалардаги меҳнатга лаёқатсиз ишсизлар сонини аниқлашди. Улар 2193  нафар экан. Барчаси “Темир дафтар”га киритилди. Сўнг ана шу фуқароларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Пировардида 1625 нафарининг ўзини-ўзи банд қилиши таъминланди. 481 нафари эса оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва жамоат ишларига жалб қилиниб, даромад топадиган бўлди. Натижа қандай бўлди, дейсизми? 485 та оиланинг турмуш шароити яхшиланиб, рўзғорига барака кирди. Кўп ўтмай улар “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди.
Аммо ҳали бу йўналишда қилинадиган ишлар кўп. Чунки “Темир дафтар”да қолган 463 та оила тақдирини ўзгартиришга муносиб ҳисса қўшиш жоиз. Шулардан ногиронлиги, сурункали касаллиги бор, якка-ёлғиз, пенсионер, боқувчиси йўқ 291 оила давлат қарамоғига олинган. Қолган 172 та оилани эса зарур ижтимоий ҳимоя ҳамда бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш орқали “Темир дафтар”дан чиқаришга эришилади. 

Опа-сингилларимиз ҳар қанча эъзозу эҳтиромга муносиб. Ҳаёт синовлари, рўзғор ташвишлари уларнинг гарданига оғир юк бўлиб тушмаслиги лозим. Давлатимиз бу ҳақда жиддий қайғуряпти. “Аёллар дафтари”нинг жорий  этилишидан асл муддао ҳам шу!
Самарқанд шаҳрининг 2-секторида 617 нафар хотин-қиз шу дафтар рўйхатига олинган эди. Улардан 149 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз опа-сингилларимиз бўлса, 128 нафари боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, 11 нафари уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллардир. 
Иккинчи сектор раҳбари масалага оқилона ёндашди — “балиқ берма, қармоқ бер” тамойилини ишга солди. Натижада “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролардан 84 нафари доимий иш билан таъминланди. 273 нафари ўзини ўзи банд қилди. Уларга тикув машиналари, пишириқ печлари ёки бошқа ускуна ва жиҳозлар олиб берилди. Умуман, бугунги кунгача яшаш шароитлари яхшиланган 617 нафар хотин-қизнинг барчаси рўйхатдан чиқарилди. Ҳозир “Аёллар дафтари”ни шакллантириш иккинчи босқичи бошланган.
Ўз навбатида, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2181 нафар йигит-қиз ҳам шу каби ғамхўрликлардан баҳраманд бўлмоқда. Бунинг учун, аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ўтган қисқа даврда 34 нафар йигит-қизга 698,8 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 266 нафар ёш бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилиб, 735 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад манбаига эга бўлди. Бинобарин, Президетимиз ташаббуси билан ташкил этилган “1+1” дастури доирасида 14 нафар ишсиз ёш тадбиркорларга бириктирилди. Бу каби ишлар натижасида яшаш шароити яхшиланган 1964 нафар йигит-қиз Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши қарори билан рўйхатдан чиқарилди. Айни пайтда “Ёшлар дафтар”и рўйхатида қолган 217 нафар йигит-қиз билан иш олиб борилмоқда. 

 Сектор фаолияти фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан чекланаётгани йўқ. Ҳудудда қурилиш, ободонлаштириш ишлари ҳам жуда қизғин паллага кирган. Хусусан, “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинида “Меҳнат гузари” ташкил этилиб, замонавий маҳалла биноси фодаланишга топширилди, 6-сон оилавий поликлиника филиали  фаолият бошлади. Дорихона, стоматология, озиқ-овқат дўкони, тикувчилик цехи иш бошлаши ҳисобига 14 та иш ўрнлари яратилди. Бинобарин, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида гузар марказида “Жамоатчилик назорат маскани” бунёд этилди. Бундан ташқари, 3 километр масофадаги йўллар таъмирланди, 30 та кўчага ёритиш ускуналари ўрнатилди, артизан қудуқ қазилиб, аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Гузардаги 2 трансформатор капитал таъмирланиб, 3 км электр ҳаво линияси янгиланди. Маҳаллада истиқомат қилувчи 13 нафар фуқарога 2020 йилда субсидия асосида 1 сотихдан иссиқхоналар қуриб берилиши таъминланган.

Бошқа маҳаллаларда ҳам ўзгаришлар катта. Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент, Мўлиён, Мароқанд маҳаллаларида 5 нафардан фуқарога ва Қавола маҳалласида эса 1 нафар фуқарога 1 сотихдан субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, “Гўри Амир” МФЙ ҳудудидаги 1937 йилда қурилган 32-сонли МТТнинг бино-иншоотлари мукаммал таъмирланиб, янги мебель жиҳозлари билан таъминланди. 
Қолаверса, “Сўзангарон” МФЙда жойлашган “Эксклюзив савдо маркази”га миллий қандолатчилик ҳамда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи фаолиятини кенгайтириш учун “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида 229 млн сўм, “Аёллар гўзаллик салони” учун 81 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари олиб берилди. Шу аснода маҳаллада истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди.

“Ургути” МФЙ ҳудудидаги бўш турган бино маҳаллий тадбиркор Н.Узаковага текин фойдаланишга топширилиши ҳам катта самара берди. Унга “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида имтиёзли кредит ҳам олиб берилди. Бу кўмак туфайли тикувчилик цехи ташкил этилиб, 8 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Маҳаллий тадбиркор А.Сувонқулов ҳам 2-сектор фаолиятидан мамнун. Унга “Akvawindov system” МЧЖ ташкил қилиб, эшик ва ром цехини очиш учун  “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида 150 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. “Фарҳод” қўрғони Ширин маҳалласида  “Кичик саноат зонаси” ташкил қилиниб, бир нечта завод ва фабрикалар фаолияти йўлга қўйилишида ҳам сектор раҳбарининг саъй-ҳаракатлари катта. Бу эса ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиляпти. Чунончи, “Мадейра” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилиши билан 25 та иш ўрни яратилган бўлса, “Осиё мебел” хусусий корхонаси 40 кишига иш берди. 

— Халқ билан мулоқотни янада кучайтирамиз, — дейди Самарқанд шаҳри прокурори, 2-сектор раҳбари  Дилмурод Сайидқулов. — Шундагина мавжуд муаммоларни тезроқ ва самаралироқ ҳал этиш имконияти кенгаяди. Кўзлаган мақсадимиз эса одамлар розилигига эришишдан иборат.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?