Самарқандда Абу Абдуллоҳ Рудакий ҳайкали очилди

13:50 31 Август 2022 Жамият
452 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳрида шу пайтга қадар форс-тожик адабиётининг асосчиси бўлган бу улуғ адибнинг бир эмас, бир неча кичик ҳайкал ва бюстлари бўлган, аммо улар турли сабаблар билан бошқа жойга кўчирилган, муносиб ўрнини топмаган. Ваҳоланки, шаҳарда Рудакий номи билан аталадиган катта кўча бор, шунингдек, яна бошқа бир қатор объектларга шоир номи берилган.

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда эса Самарқанд шаҳрида Абу Абдуллоҳ Рудакий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Абу Абдуллоҳ Рудакий ёзиб қолдирган нодир асарлар минг йиллик тарихга эга бўлсада, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг ғазал ва рубоийларидаги Ватанни севиш, тинчликнинг қадрига етишга ундовчи ғоялар ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутади.

— Кейинги икки йилда шаҳримизнинг Рудакий номидаги кўчаси реконструкция қилиниб, кенгайтирилди, ҳудудда катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, — деди ёдгорликнинг очилиш маросимида иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. — Шу кўчанинг Бўстонсарой кўчаси билан кесишган чорраҳасида замонавий йўл ўтказгич қурилди. Йўл атрофи обод ва кўркам кўриниш олди. Бу жараёнда вилоят тожик миллий маданий маркази, вилоятимиз жамоатчилиги ва ижодкорлар ушбу кўча атрофида Абу Абдуллоҳ Рудакий хотира майдони ташкил этиш ва ҳайкалини ўрнатиш ташаббусини билдирди. Бу ташаббус вилоят ва шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, шу жой танланди ва обод қилинди. Таниқли ҳайкалтарош Туркман Эсонов томонидан улуғ адибнинг салобатли ҳайкали яратилди.

Бу кўркам майдоннинг ташкил этилиши мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодасидир. Қолаверса, мазкур мажмуанинг яратилиши азалдан яқин қўшни, қардош бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки халқ ижодкорларининг ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Маросимда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари сўзга чиқиб, бу эзгу иш ташаббускорларига миннатдорлик билдирди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер