Самарқандда 18 октябрь — шаҳар куни кенг нишонланмоқда.

11:45 18 Октябр 2020 Жамият
200 0

Бундан 24 йил олдин 1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри «Амир Темур» ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана қарийб чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинмоқда.

Бу йил шаҳарда мазкур байрамга ҳар қачонгидан-да ўзгача тайёргарлик кўрилди. Тўйга тўёна билан деганларидек, байрам муносабати билан кўплаб янги объектлар фойдаланишга топширилди.

Жумладан, байрам арафасида Самарқанд шаҳридаги 100 йиллик тарихга эга вилоят ахборот-кутубхона марказининг реконструкция қилинган замонавий биноси очилди.

Тарихи 1911 йилга бориб тақаладиган ушбу зиё маскани дастлаб 2 минг нусхага яқин адабиёт билан фаолият бошлаган. Кутубхона фаолиятининг дастлабки даврида унинг хизматидан 200–300 киши фойдаланган бўлса, ҳозир ўн минглаб китобхонга хизмат кўрсатилмоқда.

1937 йилда кутубхонага Пушкин номи ва давлат кутубхонаси мақоми берилган. Йилдан йилга китоб фонди кўпайиб борди.

Сўнгги йилларда ўлкашунослик бўлими, каталоглар ва картотекалар бўлими, ҳуқуқий ахборот маркази, Гёте институти кўмагида немис тилидаги адабиётлар ўқув зали, болалар адабиётлари бўлими ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ва 2019 йил 19 март куни Президентимиз томонидан ўтказилган селектор йиғилишида 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу беш ташаббуснинг тўртинчиси бўлган ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази реконструкция қилинди. Бино замон талабларига мувофиқ таъмирланиб, ташқи кўриниши Самарқанднинг тарихий биноларига мослаштирилди.

Реконструкция ишларига маҳаллий бюджетдан 6 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди.

Бундан ташқари Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм университети янги биносининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Мазкур университет давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 июндаги қарори билан ташкил этилган ва Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи университет ҳисобланади.

Бугунги кунда университет Ўзбекистон Республикасидаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, туризм соҳасида бакалавриат ва магистратуранинг деярли барча йўналишида мутахассис кадрлар тайёрлайдиган илк университетдир. «Туризм менежменти» факультетида биринчи ва иккинчи босқичларда 530 нафар талаба тўққиз йўналиш бўйича таҳсил олишмоқда. Янги 2020-2021-ўқув йилида 384 нафар талаба биринчи курсга қабул қилинди ва улар янги замонавий бинода ўқишни бошлайдилар.

«Ақлли кампус» мақомига эга бино дунёнинг энг нуфузли университетлари стандартлари асосида жиҳозланган. Албатта, университетда яратилган шароитлар, берилган имкониятлар талабаларни ўқишга, ўз устида ишлашга, билимларини оширишга, ўзларини такомиллаштиришга, салоҳиятларини юзага чиқаришга ундайди. Ўз навбатида, юқори малакали мутахассислар халқаро университет мавқеини кўтариш ва ушбу даражага муносиб бўлиш учун ҳаракат қилишади.

Самарқандда сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини замон талаблари даражасига олиб чиқиш мақсадида 18 октябрь - Самарқанд шаҳри куни арафасида вилоятдаги бир қатор янги туризм йўналишларининг ҳам очилиш маросимлари бўлиб ўтди. «Конигил» туризм қишлоғи, Орзу Маҳмудов гастрономик кўчаси, “Royal Hotel” меҳмонхоналари шулар жумласидандир.

Ушбу тадбирларнинг барчасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Самарқанд туманидаги «Конигил» туризм қишлоғининг расмий очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Э. Турдимов бу ердаги дастлабки босқичда қилинган ишлар ҳақида тўхталар экан, келгусида қишлоқ ҳудудини кенгайтириш жараёни давом этиши, натижада ушбу туризм қишлоғида 1000 та иш ўрни яратилишини таъкидлади.

Шундан сўнг, А. Абдуҳакимов «Конигил» маҳалласи раиси Каромат Раҳматовага маҳаллага «Туризм қишлоғи» мақомини берувчи сертификатни топширди.

Орзу Маҳмудов кўчаси Самарқанд шаҳрида мамлакатимиздаги биринчи гастрономик «Бродвей» сифатида ташкил этилди. Бу ерда қаҳвахоналар, пиццериялар, шунингдек, турли хил ресторанлар, жумладан, “Brighton”, «Қанотча», “Lagman House”, “Evos”, “Bar garaje”, “Chopar” пиццерияси ва бошқалар ўз фаолиятини бошлади.

Келгусида Орзу Маҳмудов кўчасида турли фестиваллар ўтказиш, кўча мусиқачилари ва рассомларини жалб қилиш ҳам режалаштирилган.

Янги иш бошлаган “Royal hotel” меҳмонхонаси эса 60 ўринга мўлжалланган. Меҳмонхонада ресторан, спорт зали, сузиш ҳавзаси ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари мавжуд. Аҳамиятли томони шундаки, ушбу меҳмонхона вилоятдаги ҳалол стандартларига жавоб берадиган ягона меҳмонхона ҳисобланади.

Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида 18 октябрдан бошлаб Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази ходимлари янги ва замонавий бинода аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Кўп қаватли аҳоли турар-жой биносининг биринчи ва иккинчи қаватидан ўрин олган марказ биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида бунёд этилди.

Замонавий дизайн асосида жиҳозланган марказда мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шарт - шароитлар яратилган бўлиб, болалар ўйин майдончаси, тиббиёт хонаси мавжуд. Шунингдек, бинода тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими, кутубхона, нотариал хизмат хоналари ташкил этилган.

Шунингдек, байрам кунида Мирзо Улуғбек кўчасидаги «Макон Малл» янги савдо мажмуаси, Афросиёб кўчаси ҳамда Самарқанд шаҳрини Жомбой ва Оқдарё туманлари билан боғлайдиган замонавий кўприк очилиб, аҳолига хизмат кўрсата бошлади.

18 октябрь - Самарқанд шаҳри кунида қадим кентда карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда яна бир қатор тадбирлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида ва шу номдаги кўчада «Табиат саховати» номли ярмарка ўз ишини бошлади. Ўн кун давом этадиган ушбу ярмаркада вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва чуқур қайта ишланган тайёр ва арзонлаштирилган озиқ-овқат (сут, гўшт, балиқ ва ун маҳсулотлари) ва кундалик эҳтиёж моллари арзон нархларда сотилмоқда. Шунингдек, ҳудудда “MADE IN UZBEKISTAN” трикотаж, кийим-кечак ва пойабзал ярмаркаси ҳам аҳоли учун хизмат кўрсатяпти.

Бундан ташқари вилоят мусиқали драма театри, Қорасув массиви, Фарҳод ва Кимёгарлар шаҳарчаларида, Алишер Навоий ҳамда «Ёшлик» номидаги марказий маданият ва истироҳат боғларида концертлар, Регистон майдонида 3D-мэппинг шоуси намойиши бўлиб ўтмоқда.

Қисқаси, Самарқанд шаҳрининг ҳар бир гўшасида байрам шукуҳи ҳукмрон.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?