Самарқандда 106 километр ички йўллар цемент-бетон билан қопланади

15:05 09 Август 2022 Жамият
371 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2022 йил 18 майда қабул қилинган «Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида кластер усулда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган.

Унга кўра, вилоятда жами 150 га яқин объектда 106 километр ички йўллар кластер усулида цемент-бетон қопламалар билан қопланиши кўзда тутилган. Ҳозирда манзилли рўйхат асосида барча кўча ва йўллар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли тартибда экспертизадан ўтказилиб, қурилишга масъул бўлган пудратчилар аниқланган.

— Тендерда ғолиб бўлган “New Tech Samarkand” МЧЖ қурувчилари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Нарпай, Пахтачи, Самарқанд ҳамда Каттақўрғон туманларидаги йўлларни таъмирлайди, — дейди вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бошлиғи Аброр Илмуродов. — Шунингдек, “Memor Oʼtkir Chovka” МЧЖ эса Паяриқ, Оқдарё, Иштихон ва Қўшработ туманларида, “Maroqand Sement Invest” МЧЖ қўшма корхонаси Тойлоқ ва Ургутда, “Jomboy Yashil chiroqlari” МЧЖ йўлсозлари Жомбой ва Булунғурда, “Bunyodkor Obod Pastdargʼom” ДУК ишчилари Паст Дарғом ва Нуробод туманларида кўча ва йўлларни цемент-бетон билан қоплашга масъул саналади.

Биргина Паяриқ туманида 10 та маҳаллада жойлашган 10 километрлик ички йўлларни таъмирлаб, цемент-бетон қоплама билан янгилаш мақсад қилинган. Айни пайтда тумандаги Оққўрғон маҳалласида 0,8 километр, Чоштепада 2 километр, Маниобод маҳалласида бир километрлик масофадаги кўчалар текисланиб, тош-шағал тўкилди. Бу ишларни 10 та махсус техника ва 50 нафарга яқин ишчилар бажармоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер