Самарқандда «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

22:31 29 Сентябр 2022 Жамият
595 0

Фото: Халқ сўзи

Айтиш керакки, «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» бу йил ҳар йилгидан ўзгача нишонланди. Самарқандда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим вазирликлари ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган республикамизнинг 700 нафар устоз-мураббийлари, энг фидойи ўқитувчилар, соҳа фахрийлари жам бўлди.

Маросим олдидан меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасига саёҳат қилиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Педагоглар мажмуага саёҳати давомида XVII-XVIII асрларни ёдга солувчи муҳит, миллий ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги чойхоналар, Чорсу шарқ бозори, барча вилоятлардан келган уста-ҳунармандларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишди.

Тарихий манзаралар билан танишган ўқитувчи ва мураббийлар «Боқий шаҳар» мажмуаси безакларидаги қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирлари, қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахоналари, усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнлар билан танишиш имконига эга бўлди.

Байрамнинг асосий тантаналари «Буюк ипак йўли» халқаро туристик мажмуасининг Конгресс марказида ўтказилди. Айтиш жоизки, «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази илк бор дунёнинг ўн тўрт давлат етакчилари иштирокидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига мезбонлик қилган эди. Мазкур мажмуада юксак даражада ўтказилаётган навбатдаги тадбир айнан ўқитувчи ва мураббийларнинг касб байрами муносабати билан бўлиб ўтди.

Устозлар байрамининг ушбу мажмуада иккинчи нуфузли тадбир сифатида нишонланиши мамлакатимизда таълим соҳаси вакиллари қай даражада эътиборда эканлигининг ёрқин ифодаси бўлди дейиш мумкин.

Тадбир аввалида Давлатимиз раҳбарининг «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами муносабати билан таълим соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Табрикда Давлатимиз раҳбарининг «шахсан мен ўқитувчи деганда - замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда - билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимга келтираман» деган юксак эътирофи маросим иштирокчиларини янада руҳлантирди.

Қайд этилганидек, тизимни ислоҳ қилиш учун Давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорлари жумладан, 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг Миллий дастури қабул қилинди ва мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш тузилди.

Мактаблар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замон талабларига мос шароит яратиш мақсадида биргина жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан 51 та янги мактаб бунёд этилди. 1660 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 119 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилди.

Шу билан бирга, 465 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари, 115 та спорт зали ва майдончалари барпо қилинди. Таълим масканларига 35 мингдан зиёд қўшимча ўқув жиҳозлари тўплами етказилиб, 1 минг 900 га яқин мактабнинг инфратузилмаси тубдан янгиланди. 2,5 мингдан зиёд синфхона 31 мингта замонавий компьютерлар билан таъминланди.

Ўқитувчиларнинг билим ва касбий маҳоратини ошириш, малакали ва билимли педагоглар сафини кенгайтиришга қаратилган эътибор натижаси ўлароқ, тоифага эга ўқитувчилар сони бир йилда 220 минг нафардан 303 минг нафарга етди. Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар эса қарийб 143 минг нафар бўлди.

Соҳа фидоийларининг машаққатли меҳнати муносиб қадрланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 сентябрдаги «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра, мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги катта хизматлари учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлардан 91 нафари давлатимизнинг фахрий унвон, юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева мазкур мукофотларни ўз эгаларига топширди.

Мукофотланган фидойи ўқитувчилар кўрсатилаётган ҳурмат, эҳтиром, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этдилар.

Байрам тадбирида юртимиз таниқли санъаткорларининг концерт дастури намойиш этилди.

Икки кун мобайнида ўқитувчиларни Самарқанд шаҳрининг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳатлар кутмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер