Самарқанд вилоятида мактаб битирувчилари учун “Абитуриент штаблари” ташкил этилади

15:35 14 Январь 2022 Жамият
602 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилоятида 2020-2021 ўқув йили якунларидан келиб чиқиб, 200 та умумтаълим мактабида ўқитиш сифатини ошириш учун тегишли туман, шаҳар раҳбарлари ва олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари масъул қилиб бириктирилди.

Жумладан, Каттақўрғон туманидаги 44 та мактабга туман масъуллари ҳамда Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессор-ўқитувчилари масъул бўлди. Рўйхатга Қўшработдан 29 та, Нурободдан 24 та, Ургутдан 21 та, Нарпайдан 19 та, Паст Дарғомдан 17 та, Самарқанд шаҳридан 16 та мактаб киритилган.

— Аввало, ушбу мактабларнинг моддий-техника базаси ўрганилади ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилади, — дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Жангиров. — Ўқитувчи ва ўқувчилардан назорат ишлари олинади, таълим сифатини ошириш бўйича таклиф ва муаммолар ўрганилади. Ўқитувчилар салоҳиятидан келиб чиқиб, вариатив ўқув режалар асосида олий таълим муассасаларига тайёрлов синфлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг чет тиллари, аниқ ва табиий ҳамда ижтимоий гуманитар фанлардан тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади. Ўқувчилар олган баҳоларининг ҳафталик, ойлик мониторинги юритилиб, муҳокама қилиб борилади.

Бундан ташқари мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини кўтариш мақсадида ўқувчи-ёшларни касбга йўналтириш ва олий таълим муассасаларига киришини мувофиқлаштирувчи “Абитуриент штаблари” ташкил этилади.

Давлат тест марказининг вилоят бўлими билан биргаликда ҳар уч ойда ушбу умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларидан танлаган йўналишлари бўйича тест синовлари олинади. Тест натижалари мактаб педагогик жамоаси ва ота-оналар иштирокида таҳлил қилинади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?