Самарқанд вилояти ҳокими вилоятда 120 мингта иш ўрни яратилишини маълум қилди

16:37 04 Апрель 2018 Жамият
2836 0

Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун 500 миллион АҚШ доллари ажратилди.

Самарқанд — мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ҳамда маданиятга эга ҳудудларидан бири. Айни кунларда вилоятда иқтисодий тараққиётни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар самарасини самарқандликлар бугуннинг ўзидаёқ ҳис қилишаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш соҳаларида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида бир қанча топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.
Айни пайтда уларнинг изчил ижросини таъминлаш, хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда аҳолини қийнаётган масалаларни, тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қўшимча равишда 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

— Ушбу сармоя, асосан, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда қайта ишлашга илғор технологияларни жорий қилиш, деҳқон, фермер хўжаликлари ва соҳа корхоналари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мева-сабзавот ҳамда чорвачилик йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш, вилоят инфратузилмасини яхшилаш учун йўналтирилмоқда, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев. — Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ ташкил этиладиган 17 та кичик саноат зонаси таркибига кирадиган ва вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга ҳам сарфланади. Пировардида барча манба ҳисобидан 120 мингта иш ўрни яратилади.

Халқимизда “Эскисини тузатгунча, эсинг кетади”, деган нақл бор. Бу бежиз эмас, албатта. Маънан эскирган технологиялар кутилган натижаларни беролмайди. Шу боис ишлаб чиқаришни модернизация қилишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг вилоятдаги вакили Азамат Бекқуловнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги учун замонавий техника ва технологиялар ҳам сотиб олинади.

Кредит маблағлари лойиҳанинг қоплаш истиқболини ҳисобга олган ҳолда берилади. Дейлик, уч йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатгача йиллик 5,5-6 фоиз устама тўлаш шарти билан хорижий валютада олиш мумкин. Масалан, Жаҳон банки лойиҳасида чорвачилик ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишлари бўйича бир мижоз учун 2 миллион АҚШ долларигача, маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ва етказиб беришни ўз ичига олган лойиҳалар учун эса 4 миллион АҚШ долларигача имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ долларигача кредит ажратилади. Четдан харид қилинадиган товар, асбоб-ускуналар 100 фоиз кредит ҳисобига молиялаштирилади. Имтиёзли кредит ҳисобидан импорт қилинадиган барча товар, хизмат, техника ҳамда технологиялар, жиҳоз ва ускуналар солиқ тўловларидан озод этилиши ишбилармонлар учун яна бир қулайликдир.

— Бугун тадбиркору фермерлар учун барча эшик очиқ, — дейди Қўшработ тумани ҳокими ўринбосари Шавкат Раззоқов. — Тақдим этилаётган имтиёзлардан сўнг деҳқончилик соҳаси ҳам, чорвачилик ҳам янада ривожланади.

Самарқанд шаҳридаги Тадбиркорларга кўмаклашиш марказида ўтказилган матбуот анжуманида вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган шу каби чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?