Самарқанд ва Бошқирдистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади

Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Бошқирдистон Республикаси раҳбари бошчилигидаги ҳукумат вакилларидан иборат делегация аъзолари ташриф доирасида Самарқандда ҳам бўлди.
Вилоят ҳокимлигида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, ҳудудларнинг фаол иқтисодий алоқалари туфайли Самарқанд вилояти ва Россия Федерацияси ўртасидаги товар айирбошлаш 2021 йилда 393 миллион доллардан ортиқни, Бошқирдистон Республикаси билан 4,5 миллион долларни ташкил этди. Самарқанд вилояти раҳбари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, таълим, илм-фан, туризм ва бошқа соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Шу боис бошқирд тадбиркорларини самарқандлик ишбилармонлар фаолияти билан яқиндан танишишга таклиф қилди.
Ўз навбатида Радий Хабиров Ўзбекистон Бошқирдистоннинг халқаро майдондаги асосий ҳамкорларидан бири эканини қайд этиб, юртимиздан мева-сабзавот импорт қилишга қизиқиш билдирди.
— Ўз навбатида биз қуруқ сут, кунгабоқар ёғи, инкубация тухуми етказиб беришни кўпайтиришга тайёрмиз ҳамда қишлоқ хўжалиги ва асаларичиликда тажриба, технологиялар, илмий ишланмалар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, Самарқандга Бошқирдистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришимиз мумкин. Шу нуқтаи назардан Самарқанд вилояти вакиллари иштирокида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқадиган доимий ишчи гуруҳ тузиш зарур, — деди Бошқирдистон раҳбари.
Учрашувда университетлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Айни пайтда Бошқирдистонда саккиз юзга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда ва ўзаро алмашувлар икки томон учун ҳам қизиқарли бўлиши мумкин.
— Ўзбекистон изчиллик билан ривожланиб бораётган давлатлардан бири. Шубҳасиз, Россия Ўзбекистон билан узоқ вақтдан буён ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда, — деди Радий Хабиров. — Албатта, бу жараёнда икки давлат ўртасидаги ҳудудларни ривожлантириш алоқалари янада мустаҳкамланиб бормоқда. Самарқанд ва Бошқирдистон ҳамкорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак бу жараёнда ҳам салмоқли ишларни амалга оширяпмиз. Бугунги учрашув эса ана шу ишларнинг мантиқий давомидир. Самарқанд нафақат тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари билан, балки ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда бой тажрибага эга вилоят ҳисобланади. Учрашувда ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтдик.
Учрашув якунлари бўйича томонлар кўрилган масалалар бўйича келишув ва меморандум лойиҳаларини тайёрлашни келишиб олди.
Меҳмонлар Самарқандга ташриф доирасида «Сам антеп гилам» корхонасида бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечиришди.
Делегация аъзолари қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тадқиқот хулосаси: Коронавируснинг давомли асоратлари эмланганларда кам кузатилади
- Тўпаланг ГEС иншоотида техник носозлик тўлиқ бартараф этилган. Вазият барқарор — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ
- Конституциявий қонун лойиҳаси 25 июнь кунидан «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида умумхалқ муҳокамасига қўйилади
- «Китоб уйчалари», «Ёш китобхон клуби»... Artel компанияси китобхонликни кенг тарғиб қилмоқда
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
- Хиллари Клинтон 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг