Самарқанд шаҳар кенгаши сессияси бўлиб ўтди

14:02 09 Декабрь 2020 Сиёсат
575 0

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши сессиясида ҳудуднинг 2020 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2021 йил учун белгиланган устувор йўналишлар тўғрисида шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақуловнинг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, пандемия бошланишида Самарқанд шаҳридаги фаолият кўрсатаётган 1474 та саноат корхоналарининг 150 таси фаолиятини вақтинча тўхтатди, шунингдек 36 таси эса 25 фоиз, 87 таси 50 фоиз қувватда ишлай бошлаганди.

Пандемия таъсири натижасида шаҳарда саноат ишлаб чиқариш хажми жорий йил 6 ой якунида ўтган йилга нисбатан 8,2 фоизга, 9 ой якуни билан 1,8 фоизга камайган эди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан бирга “корхонабай” иш олиб бордик ва бунинг натижасида жорий йил 10 ой якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш хажми 6,4 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига 102,8 фоизга кўпайди.

Саноат ишлаб чиқариш хажми 2018 йил якуни билан 5,4 трлн. сўмни ташкил қилиб, аҳолига жон бошига 10,2 млн сўмни ташкил этди. Бу кўрсатгич 2019 йил йил якуни билан 6,8 трлн. сўмни ташкил қилиб, аҳолига жон бошига 12,5 млн сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йил якуни билан 8,3 трлн. сўмга (ўтган йилнинг мос даврига 102,1 фоизга кўпайиш) ва аҳолига жон бошига 13,3 млн сўмга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2021 йил 1 ярим йилликда 4,9 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ўтган йилнинг мос даврига 103 фоизга ошириш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳрида 1 декабр ҳолатига 15 243 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 9 809 та кичик бизнес субъектлари, 5 434 та якка тартибдаги тадбиркорлар. Январ-ноябр ойларида жами 3 935 та янги хўжалик субъектлари ташкил қилинди. Йил якунигача яна 230 та янги корхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Жорий йилда тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан шаҳардаги 11 903 та юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 1 трлн 693 млрд.сўм кредитлар ажратилди.

Шаҳардаги “Агро банк”, “Ҳалқ банки” ва “Микрокредитбанк” ҳудудий филиаллари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг 722 та лойиҳаларига 26,6 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 612 та лойиҳага 18,2 млрд.сўм, “Фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 4 та лойиҳага 82 млн. сўм, ҳунармандчилик соҳасидаги 59 та лойиҳага 2,2 млрд.сўм, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 5 та лойиҳага 532 млн.сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” дастури асосида 10 та лойиҳага 4,6 млрд.сўм имтиёзли банк кредитлари ажратилди.

Бу борадаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар тарафлама қўллаб қувватлаш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шундан келиб чиқиб, 2 603 та кредит шартномалари бўйича тадбиркорлик субъектларининг 704,6 млрд сўмлик кредит тўловлари муддати узайтирилди.

Жумладан, 1925 та юридик корхоналарнинг 455 млрд. сўмлик; 678 та ЯТТларнинг 19,7 млрд.сўмлик кредитларининг муддати узайтирилди. 118 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 3,4 млрд.сўм солиқлари тўлов муддати кечиктирилди. 592 та корхонанинг 758 млн.сўм солиқ қарзи ва пеняси ҳисобдан чиқарилди. 3317 та ЯТТларда 1,1 млрд. сўм,7 598 та микрофирма ва кичик корхоналарда 27,9 млрд. сўм ижтимоий солиқ ставкасини камайтирилиши ҳисобига уларнинг ихтиёрида қолдирилди. 836 та кичик тадбиркорлик субъектлари 3,7 млрд. Сўм мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди. 2 392 нафар карантин туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган ЯТТларга 5,7 млрд. сўм солиқ ҳисобланмади. 5 668 та корхонанинг 19,9 млрд. сўм солиқ қарзини мажбурий тартибда ундирилиши тўхтатилди.

Жорий йилда шаҳарда аҳоли бандлигига кўмаклашиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни бандлигини таъминлаш борасида Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда шаҳарда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (меҳнат ресурслари) 318,1 минг кишини ташкил этиб, шундан 81,4 фоизи ёки 253,6 минг киши иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади.

Иқтисодий фаол аҳолининг 9,1 фоизи ёки 23,3 мингга яқин фуқаро иш ўринларига муҳтож, ишсизлик даражаси аёллар ўртасида 12 фоизни ва ёшлар ўртасида 14,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Бу йилдан шаҳар Бандлика кўмаклашиш маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. 2020 йил 11 ойида 6942 нафар фуқароларга бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилди.

Хусусан, 3830 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди, 483 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди, 34 нафар ишсизларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди, 616 нафар яқин фуқароларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Самарқанд шаҳар хокимининг қарори асосида 2020 йилда банд қилинган 4401 та иш ўринларига 3610 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ишга жойлаштирилди.

64 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи аёлларимизнинг бандлиги таъминлаш бўйича манзилли ишлар ташкил қилиниб, ўтган давр мобайнида уларнинг барчасини бандлиги таъминланди.

Хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2020 йил 11 ойида меҳнат органлари томонидан 2671 нафар хотин-қизларга хизматлар кўрсатилди.

Хусусан, 1671 нафар хотин-қизлар доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди, 296 нафар хотин-қизлар касбга ўқитилди, 25 нафар ишсизларни ишсизлик нафақаси билан таъминланиб, ижтимоий муҳофазага олинди, 184 нафар яқин хотин-қизларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, 2020 йил 11 ойида меҳнат органлари томонидан
2965 нафар ёшларга хизматлар кўрсатилди. Хусусан, 1952 нафар ёшлар доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди, 189 ёшларни касбга ўқитилди, 18 нафар ёшлар ишсизлик нафақаси билан таъминланиб, ижтимоий муҳофазага олинди, 119 нафар яқин ёшларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида ишсиз ва вақтинча ишини йўқотган ҳамда хорижга ишлаш учун кета олмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, шахсий томорқасига ва қишлоқ хўжалиги кооперативларни ташкил этган ҳолда, субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминлаш чоралари кўрилди.

Жумладан 30 нафар (18 нафар хотин-қизлар, 11 нафар ёшлар) ишсиз фуқароларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни қоплаш учун 25,6 млн.сўм, ходимларини аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан ишга қабул қилган 3 та иш берувчиларга
34 нафар (33 нафар хотин-қизлар, 16 нафар ёшлар) ходимларини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатларни қоплаш учун 87,4 млн.сўмлик субсидия маблағлари ажратилди.

Бугунгача шаҳарда 11,5 минг нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатга олинди ва белгиланган йиллик режа (9 229 та) 125 фоизга бажарилди. Йил якунига қадар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сонини 13 минг нафарга етказиш белгиланган.

2021 йилда ҳам 7,6 минг фуқаро мақсадли дастурлар доирасида яратиладиган ва бўш вакант иш ўринларига ишга жойлаштирилади. Шу билан бирга, ташкил қилинган касб-ҳунар марказларида 500 нафар ишсиз фуқаролар касбларга ўргатилади.

Шунингдек, секторларда фаолият юритаётган “камбағалчиликни қисқартириш штаби” аъзолари, депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари билан биргаликда шаҳар ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 22 минг 282 аъзолари бўлган 5613 та оила “Темир дафтар”га киритилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида бу оилаларни қўллаб қувватлаш мақсадида бугунгача саҳоватпеша тадбиркорларимиз ҳамда саҳий фуқароларимиз ҳисобидан 5,2 млрд. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, чорва моллари ва бошқа турдаги ижтимой кўмаклар кўрсатилди.

Бугунгача “Темир дафтар”даги 4730 нафар ишга муҳтож фуқаронинг 4551нафари ёки 96,2 фоизи турли соҳаларга ишга жойлаштирилди, 112 нафарига 3,1 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди, 24 нафар фуқарога субсидия асосида исиқхоналар қуриб берилди.

Буларнинг натижасида бугунгача 2 854 та оила турмуш шароити яхшиланганлиги инобатга олиниб, ўз мурожаатларига мувофиқ, сессия қарорлари асосида “Темир дафтар” дан чиқарилган бўлса, 610 та оила янгидан “Темир дафтар” га киритилди.

1 декабр ҳолатига “темир дафтар”да 3369 та оила қолаяпти. Шундан, боқувчисини йўқотган, сурункали касаллиги мавжуд, пенсионер, якка ёлғиз ва меҳнатга лаёқатли аъзолари мавжуд бўлмаган 1412 та аъзоси мавжуд 901та оилани сектор раҳбарлари билан биргаликда оталиққа олиниб, ҳар тарафлама ижтимоий қўллаб қувватлаб келинмоқда.

Самарқанд шаҳрида 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 3 трлн. 249 млрд. 204 млн. сўм бўлган 108 та устувор лойиҳалар амалга оширилиши ва 4925 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Шундан, 2020 йилда қиймати 1 трлн. 102 млрд. 842 млн. сўмлик 67 та лойиҳада 1179 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Жумладан, саноат йўналишида қиймати 856 млрд.
81 млн. сўмлик 25 та лойиҳада 619 та иш ўринлари, хизматлар кўрсатиш йўналишида қиймати 229 млрд. 681 млн.сўмлик 40 та лойиҳада 552 та иш ўринлари, қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 17 млрд. сўмлик 2 та лойиҳада 8 та иш ўринлари ташкил этилиши белгиланган.

2020 йилнинг 11 ойида белгиланган режа ортиғи билан бажарилишига эришилди, яъни 71 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали 473 млрд. 617 млн.сўм ўзлаштирилди.

Жорий йил якунига кўра жами 83 та лойиҳа ишга туширилиши ва 1,2 трлн. сўм қийматидаги сармоялар ўзлаштирилиши, натижада 1523 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

2021 йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича даставал шакллантирилган дастурга кўра жами 3,5 трлн. сўмлик, 220 та лойиҳа ишлаб чиқилди, ушбу лойиҳалар ишга туширилгач 2021 йилда қўшимча 5400 нафар иш ўринлари яратилиши режалаштирилди.

Самарқанд шаҳрининг 2020 йил тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича режаси 64,5 млн доллар бўлиб, бугунги кунда 59,0 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилди.

Жорий йил якунга кўра 65 млн. долларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивида Ургут ЭИЗ ҳудудида “Azia Metall Prof” МЧЖ ҚКнинг йирик инвестицион лойиҳаси босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Корхонанинг хорижий ҳамкори “Xinjifng Zhongde Jiarun Trade Co.Ltd” компанияси (Хитой).

Корхона 3 босқичдан иборат лойиҳаларни ишга тушириш эвазига, 80 млн. АҚШ доллари, шундан ташаббускорларнинг 28,5 млн. доллар ўз маблағлари, 20,0 млн. доллар банк кредити ҳамда 31,4 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган.

Пандемия шаҳардаги тўғридан тўғри хорижий инвестиция дастурига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади шулар жумласига Хитой давлатининг “Silu Yizhan Tourism Development LLC” компанияси билан тузилган 20 млн.долларлик “Карвон Сарой” лойиҳаси, Жанубий кореянинг NeO&Saram.Co.Ltd компанияси билан 50, млн.долларлик мехмонхона лойиҳаси, Россия давлатининг ООО “Росс – Мрамор” компаниясининг 10 млн.долларлик мрамор ишлаб чиқариш лойиҳаси, Хитой давлатининг “Huacheng technology” компаниясининг 1,5 млн.долларлик ЛЕД лампалар ишлаб чиқаиш лойиҳалари буларга мисол бўла олади.

Албатта бўларнинг ўрнига Хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда янги лойиҳалар ишлаб чиқилди.

2020 йил Инвестиция Дастури асосида 161,8 млрд.сўмлик 7 та умумтаълим мактабларида, 6 та соғлиқни сақлаш, 2 та олий таълим ва 2 та бошқа давлат объектларида қуриш, реконструкция қилиш ишлари олиб борилиб, объектлар фойдаланишга топшириш босқичида.

Жумладан, Амир Темур кўчасида қурилаётган лойиҳа қиймати 45 млрд.сўм бўлган Президент мактаби ёки лойиҳа қиймати 31,2 млрд.сўм бўлган Қорасув массивида сиғими 1680 ўринли янги мактаб биноси қурилиши бунга мисол бўла олади.

Шу билан бирга, 10 та мактабгача таълим муассасаларида жами 31,5 млрд.сўмлик қуриш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 8 та ижтимоий соҳа муассасаларида қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоят инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 19,5 млрд.сўмлик 6 та мактабларда қўшимча бино қуриш ва мактаб биноларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

2021 йилда ҳам 42 да ортиқ ижтимоий соҳа муассаларида қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиш ишларини амалга оширишга катта этибор қаратилиб, бугунги кунда 1 та қуввати 240 қатновга мўлжалланган Оилавий поликлиника биноси,
7 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та маданият ва истироҳат боғи, 1 та кинотеатр биноси, 10 та маҳалла фуқаролар йиғини, 5 та “Ёшлар коворкинг” марказлари қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида жорий йилда Қорасув массивида “Ўзшаҳарқурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан жами 3 та 16 қаватли (240 та хонадон) уй-жойлар, ҳарбий хизматчилар учун “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан 3 та 5 қаватли (90 та хонадонлар) уй-жойлар, “Агромир Билдингс” МЧЖ томонидан 26 та 12 ва 16 қаватли жами (2130 та хонадон) кўп хонадонли турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топшириш босқичида.

“Ўзшаҳарқурилиш инвест” томонидан қурилган 3 та уй-жойлардаги 240 та хонадонлар имтиёзли ипотека кредит маблағлари ҳисобидан фуқароларга ажратилган бўлса, “Агромир Билдингс” МЧЖ томонидан қурилган уй-жойлардан 577 та хонадонлар олиниши учун 577 та фуқароларга субсидиялар ажратилиб берилди.

2021 йилда Қорасув массивида янги тартибга мувофиқ 10 та 16 қаватли 960 та хонадонли турар-жой биноларини қуриш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга шаҳарнинг турли ҳудудларда хусусий секторлар томонидан 70 да ортиқ кўп хонадонли турар-жой бинолари қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳри бўйича 2020 йилда 101,6 млн долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, саноат маҳсулотлар 76,8 млн доллар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 24,7 млн. доллар.

Жорий йилнинг январ-ноябр ойлари экспорт режаси жами
94,5 млн. доллар бўлиб, ҳақиқатда 80,6 млн.долларлик экспорт амалга оширилган, белгиланган режа 85 фоизга ёки -14,0 млн. долларга кам амалга оширилган.

Туризм Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган соҳалардан бири бўлди. Ушбу вазият туфайли шаҳарга ташриф буюрган туристлар сони ҳамда улар ташрифидан олинадиган туристик хизматлар экспорти кескин камайди. Хусусан, ўтган 2019 йилда жами 3 120 000 нафар сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 500 минг нафарни ташкил этди.

Шаҳардаги 250 та жойлаштириш воситаларида жорий йилнинг 9 ойи учун 120 минг нафар хорижий фуқароларга жойлар банд қилинган эди, ташрифлар бекор қилиниши оқибатида жойлаштириш воситалари 95 млрд, 300 млн. сўмлик тушумлардан маҳрум бўлди. 331 та туризм йўналишидаги корхоналар фаолиятини тўхтатиб, 4530 нафар фуқаролар вақтинча ишсиз қолди.

Шунга қарамасдан тадбиркорларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва сай-ҳаракатлари натижасида 2020 йил 11 ой якуни билан 60 дан зиёд туристик лойиҳалар ишга туширилди, жумладан меҳмонхона ва меҳмон уйлари, кўнгил очар масканлар фойдаланишга топширилди. Туристик ташкилотлар томонидан Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 8 та туристик микроавтобуслар сотиб олинди.

Бугунги вазиятдан келиб чиқиб, мутахассислар сайёҳатларни кўпроқ табиат қўйнида ташкил этишни тавсия этишмоқда. Шу мақсадда, бугунги кунда пандемия шароитига қарамасдан сайёхлик ташкилотлар томонидан Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг табиати мафтункор тоғли ҳудудларида, табиат қўйнида турли хил тематик ўзига хос муҳитга эга дам олиш масканларига саёҳатлар маршрутлари кенгайтирилди. Хусусан, Самарқанд шаҳри Боғибаланд МФЙда жойлашган “Анжирзор” маскани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 828-сон қарори ижроси юзасидан Самарқанд шаҳар Орзу Махмудов кўчасини гастрономик кўчага айлантириш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда мазкур кўчада 20 га яқин умумий овқатланиш шаҳобчалари фаолияти йўлга қўйилди.

Жумладан, Ислом Каримов, Алишер Навоий ҳамда Университет хиёбонини туристик масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Шу билан бир қаторда “Ипак йўли” туризм халқаро университетига туташ ҳудудида “туризм таълим боғи” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур лойиҳани ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

2021 йилда аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида туризм соҳасида 1 трлн. 200 млн. сўмлик 107 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилди.

Самарқанд шаҳри бўйича жами 1821 та кўчалар мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 848,06км.ни ташкил этади. Шундан 444,6 км марказий шаҳар кўчалари бўлса, 403,4 км шаҳар ички кўчалари ҳисобланади.

Жорий йилда тасдиқланган дастурларга мувофиқ инжиниринг компаниялари томонидан республика бюджет, инқирозга қарши курашиш жамғармаси, инвестиция дастури ҳамда вилоят фаровонлигини ошириш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан лойиҳа қиймати жами 790 млрд.сўм бўлган жами 59,9 км йўл қуриш ишлари бошлаб юборилиб, бугунги кунга қадар 356 млрд.сўмлик қурилиш пудрат ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, 86,2 км. шаҳар ички кўчаларида жами 20,1 млрд.сўмлик мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ҳозирги кунда, 2021 йилда шаҳардаги барча маҳаллаларнинг ички кўчаларини тўлиқ таъмирлаш бўйича ҳатлов ишлари олиб борилиб, жами 157 та МФЙ ҳудудидаги 603 та кўчаларда жами лойиҳа қиймати 99,4 млрд.сўм бўлган умумий узунлиги 251,2 км. йўлларни таъмирлаш талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинди.

Жорий йил пиёдалар юриш йўлкаларини ташкил этиш ва тротуар қуришга алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги кунга қадар 15,4 км масофада тротуар йўлаклар қурилди ва бу каби ишларни 2021 йилда ҳам самарали давом эттириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Асарият кўчаларда, автотранспорт воситаларини сақлаш учун махсус жойларнинг йўқлиги, кўчаларда йўлларнинг қатнов қисмида автомашиналарни қолдириб кетилишига сабаб бўлмоқда. Бу каби ҳолатларга ечим топиш мақсадида тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда шаҳар бўйича ободонлаштириш бошқармасига қарашли 15 та автомобил тўхтаб туриш жойлари ташкил қилиниб, пуллик хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Жорий йилда, йўллардаги тирбандликларни олдини олиш ва шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида лойиҳа қиймати 67,7 млрд.сўм бўлган, умимий узунлиги 534 метр, тоннель қисми 93 метр бўладиган йўл ўтказгич қурилиши ишлари бошлаб юборилди.

2021 йилда “Рофе Хамраев” хўжалиги ҳисобидан Самарқанд шаҳри тусарруфига берилган ҳудудни Самарқанд шаҳри билан боғлаш мақсадида “Қорадарё” дарёси устидан ўтувчи лойиҳа қиймати 80,5 млрд.сўм бўлган кўприк қурилиши ишлари бошланади.

Бундан ташқари, 2022 йилга қадар “Абу-Даби” ривожлантириш фонди имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан жами 320 млн.долларлик бунёдкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Хусусан, Гагарин кўчасининг давомини қуриб, кенгайтириш ҳисобига М-39 йўлини Хўжа Аҳрори Вали кўчаси орқали М-37 билан боғлаш белгиланиб, бугунги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмоқда.

Президентимизнинг ташаббуслари билан Самарқанд шаҳрининг 2040 йилга мўлжалланган Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича берилган топшириқларга мувофиқ, бугунги кунда, шаҳар ҳудудини кенгайтириб, милионлик шаҳар мақомини олиш борасида ҳамда унинг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси ишлаб чиқиш бўйича тизимлиги ишлар олиб борилмоқда.

Шаҳар бош режасининг асосий кўрсаткичлари Самарқанд маҳаллий тизимини туристик, маъмурий-хўжалик, илмий, маданий ва саноат маркази жиҳатидан янада ривожлантиришни кўзда тутади.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?