Самарқанд саноати ривожида тўқимачилик улуши ортмоқда

00:33 06 Январь 2023 Жамият
459 0

Фото: Халқ сўзи

2022 йил якуни билан Самарқанд вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 105,6 фоизга, саноат маҳсулотлари 107 фоизга, ҳудудий саноат ҳам 107 фоизга етди. Вилоятда айни пайтда 9 минг 351 та саноат корхонаси бўлиб, улар томонидан 2022 йилда 586,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Ўтган йили 175 та корхона илк бор экспортга жалб қилиниб, улар 41,5 миллион долларлик маҳсулот сотишга эришди.

Бу борада тўқимачилик саноатининг ҳам улуши ортиб бормоқда. Тўқимачилик саноати хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги корхоналарни ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳсулот экспортида ҳам етакчи тармоқлар қаторида. 2022 йилда Самарқанд вилоятида тўқимачилик саноатида 510,5 миллиард сўмлик 38 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 мингга яқин иш ўринлари яратилди.

— Бугунги кунда Самарқанд вилоятида мингга яқин тикув-трикотаж корхоналари мавжуд бўлиб, уларда 24 мингга яқин кишининг бандлиги таъминланган, — дейди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Самарқанд филиали директори Дилшод Тўраев. — 2023 йилда 240 миллион долларлик маҳсулотларни ташқи бозорга чиқаришни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. 2022 йилда 50 фоизга яқин пахта толасини қайта ишлашга эришилди. 2026 йилга бориб бу рақам 100 фоизга етади.

Самарқанд туманидаги «СамРафоаттекстил» масъулияти чекланган жамияти ҳам вилоятдаги йирик тўқимачилик қувватларидан бири саналади. Ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган момиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонада 400 га яқин киши доимий иш билан банд. Мавжуд цехларга замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, маҳаллий хомашёдан кунига 10 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Аҳамиятлиси, маҳсулотларнинг 80 фоизи экспортга жўнатилади.

Дарвоқе, корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида қиймати 56 миллиард сўм бўлган янги лойиҳага қўл урилди. 2022 йилда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Иккинчи босқичини эса жорий йилда ишга тушириш мўлжалланган.

— Ўтган йилда кесадиган, тикадиган қўшимча ускуналар олиб келинди, натижада юзга яқин иш ўринлари яратилди, — дейди корхона бўлим бошлиғи Ҳаким Содиқов. — 2023-2024 йилларда яна янги лойиҳаларимиз ишга тушади. Бу лойиҳаларда биз парда, тюль маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Шунингдек, қўшимча 500 та янги иш ўрни яратамиз.

Жомбой туманидаги бўш турган майдон ўрнида ҳам янги текстиль корхонаси қад ростлади. Яқин кунларда ишга туширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳанинг қиймати 350 миллиард сўм бўлиб, корхонада пахта хомашёсидан ип-калава ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Айни пайтда хорижлик мутахассислар томонидан корхона цехларига замонавий дастгоҳлар ўрнатилиб, сўнгги монтаж ишлари якунланмоқда. Қишлоқ ҳудудида иш бошлайдиган корхонанинг фойдаланишга топширилиши билан 300 нафардан ортиқ хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлади.

Самарқанд вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш борасида янги 2023 йилда ҳам истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Унга кўра, 3 ярим мингга яқин иш ўрнига эга бўлган 1 триллион 402,3 миллиард сўмлик 48 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Мазкур лойиҳаларнинг ишга тушиши ҳисобидан эса жорий йилда вилоятда 240 миллион долларлик тўқимачилик-трикотаж маҳсулотларининг экспорти амалга оширилиши мўлжалланмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?