Самарқанд давлат университетида Наврўз сайллари бўлиб ўтди

12:33 20 Март 2024 Жамият
400 0

Фото: Шавкат Акрамов

Самарқанд давлат университетида Наврўз тантаналари эрта тонгдан бошланиб, байрам сайлларига уланиб кетди. Миллий куй-қўшиқлар, бетакрор рақслар, ўзбек таомлари ва либослари намойиши хорижлик меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.

Байрам тадбирларида Хитой, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Польша, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларидан келган профессор-ўқитувчи ва талабалар қатнашди.

— Мен илк бор Наврўз байрамида иштирок этаямман, — дейди Самарқанд давлат университети профессори Ариндан Баник (Ҳиндистон). — Бизда Наврўз нишонланмайди, лекин шунга ўхшаш 25 март куни ҳоли-ранглар фестивали байрами тантанали ўтказилади. Наврўз ва Ҳоли байрами баҳорнинг кириб келиши билан нишонланади, шу жиҳати билан бир-бирига ўхшайди. Ўзбекистонда янги йилни январь ойидан бошланади деб билардим, лекин аслида Наврўз кириб келиши билан йил бошланиши мени ҳайратлантирди. Байрамни қизғин нишонладик. Барча қувноқ кайфиятда. Самарқандда ҳиндистонликлар жуда кўп. Бугун байрам баҳонасида ўнлаб юртдошларимизни кўриб севиндим. Ўзбекистон халқига байрам муборак бўлсин!

— Ўзбекистонга келганимдан бери кўп байрам тадбирларида иштирок этдим, — дейди Самарқанд давлат университети психология кафедраси профессори Екатерина Федосенко (Россия). — Наврўз улар ичида энг гўзали экан. Халқингизга хос миллий урф-одатлар, кўркам либослар менда ўзгача таассурот қолдирди. Ҳамкасбларим байрамга адрас кўйлак совға қилишди. У менга жуда ёқди. Тўрт йилдан буён Ўзбекистондаман. Самарқанддан ташқари Тошкент, Бухоро, Фарғона, Хоразм, Андижон, Наманган шаҳарларида бўлдим. Ҳар бир кентнинг ўз қадрият ва урф одатлари борлигини ҳис қилдим.

— Уч йилдан буён Самарқанддаман, — Самарқанд давлат университети Туркология илмий тадқиқот институти ўқитувчиси, PhD Эмраҳ Йилмаз (Туркия). — Ҳар йили Наврўз байрами арафасида Туркияга кетишга тўғри келарди. Бугун Самарқанд давлат университетида кутиб олиш насиб қилди. Бундан жуда хурсандман. Туркияда ҳам Наврўз нишонланади. Бизда асосан миллий кийимлар ва табиатга бағишланган расмлар кўргазмаси бўлади. Ўзбекистондаги Наврўз байрами қизиқарлироқ экан. Бунда қадриятлар, турли хил спорт ўйинлари, чолғу ижрочилиги, кашта намуналари, халқ оғзаки ижоди каби миллий қадриятлар кўпроқ намоён бўлмоқда. Турли хил таомлар қилиниши, дастурхонларинг безатилиши байрамга янада кўрк қўшмоқда.

— Алмашинув дастури бўйича Самарқанд давлат университетида тадқиқот олиб бормоқдаман, — дейди Хитойнинг Шаанси нормал университети докторанти Ю Хианг. — Хитойда ушбу байрам «На ну зи» деб аталади. Байрам куни Хитойда дам олиш деб эълон қилинади. Самарқандда Наврўз тантаналарини кутиб олдик. Мен учун янгилик бўлди. Бу байрамда беғуборлик, меҳмондўстлик, ҳамжиҳатлик борлиги сезилиб турибди. Тантаналарда талабалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар мени ҳайратлантирди. Ҳаттоки тадбирга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар ҳам хурсандчилигидан рақсга тушиб кетишди. Барчага Наврўз байрами муборак бўлсин!

— Ўзбекистонга келганимизга етти ой бўлди, бир қатор байрамларни кўрдим, — дейди СамДУ Инсон ресурслари ва Маҳалла тараққиётини бошқариш институти талабаси Зҳанг Юқи (Хитой). — Мен учун ҳар бир байрам доим янгилик бўлган. Бу галгисини катта қизиқиш билан кутиб олдик. Таассуротларим аъло даражада. Ёш йигит-қизлардан тортиб, кексаларгача байрамни хуш кайфиятда ўтказишлари таҳсинга сазовор. Энг қизиғи, ушбу тантанага ҳамжиҳатликда тайёргарлик кўришар экан. Байрамни мириқиб томоша қилдик. Мен бундан хурсандман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер