Сайёр қабулга Наргиза Эрназаровани қандай муаммо бошлаб келди?

09:52 08 Октябр 2020 Жамият
297 0

Бухоро нефть ва газ саноати касб- ҳунар коллежи ҳовлисида ташкил этилган оммавий сайёр қабулга вилоят маркази, Қоровулбозор тумани, Когон тумани ва шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзларини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш умидида келдилар. Уларнинг мурожаатларини Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, турли вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари тинглаб, муаммоларни ҳал этиш йўлларини излашди.

Мурожаатчилар орасида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам бор эди. Улардан бирини суҳбатга тортдик.

— Когон тумани «Ўбачўли» маҳалла фуқаролар йиғинининг Қаршилик кўчасида яшайман, — дейди Наргиза Эрназарова. — Қарамоғимдаги бир фарзандим бор. Уйим «снос»га тушган. 2018 йилдан буён халоватим йўқ. Шу масала ечимини топишини истайман. Тўғри, шарт-шароитимни ўрганган сектор раҳбарлари тикув машинкаси олиб беришди. Касаначилик қиламан. Аммо ношукрлик бўлмасину 300 – 400 минг сўм ойлик даромад билан турмушимни ўнглаш қийин бўляпти. Қўшимча иш топиб беришса, меҳнат қилиб ўз кунимни ўзим кўрардим.

Ногиронлик аравачасида келган аёл вилоят ҳокими ҳамда вилоят прокурори қабулида бўлди. Ташвишларини айтиб бироз енгил тортди. Унга ёрдамлашадиган бўлдилар. Буёғи маҳаллий ҳокимлик вакилларига ҳам боғлиқ. Мабодо, муаммоларини ҳал этгани уларнинг жони ачишмаса, ночор аёлнинг кўнгли бадтар чўкади. Когон тумани мутасаддилари буни яхши тушунишади, деган умиддамиз.

Бухоро тумани Работак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи II- гуруҳ ногирони Моҳигул Қодированинг ҳам дарди кўп.

— Бир ўғлим муддатли ҳарбий хизматда, иккинчиси эса уйдан жуда узоқда, миллий гвардияда хизмат қиляпти, — дейди у.— Ёлғиз яшайман. Очиғи, қийналиб кетдим. Куни кеча банкдан қўнғироқ қилиб, «Уйни кредитини тўламасангиз, ишни судга оширамиз», дейишди. Нима қилишни билмай қолдим.

Гап шундаки, Моҳигул опага имтиёзли кредит асосида икки сотихли уй ажратилган. Тўловни амалга ошириб бориши учун уни пахтани қайта ишлаш корхонасига касаначи сифатида ишга қабул қилишган. Аммо икки ой давомида Моҳигул опа ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишсиз қолди. Яъни буюртма берилмади. Бу эса уй кредити тўлови масаласида муаммони юзага келтирди.

— Қўшимча иш беришса, бир амаллаб ўз кунимни ўзим кўрган бўлардим, — дейди у. — Шу боисдан бугунги сайёр қабулдан умидим катта...

Бир сўз билан айтганда, пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин кунларида оғир шароитга тушиб қолган, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролардан, шунингдек, уй-жой таъминоти, ички йўллар таъмири, газ ва электр энергияси таъминоти, бандлик, ижтимоий адолат, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқи каби масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлди.Сайёр қабулда тингланган 413 та мурожаатнинг 124 таси жойида ижобий ҳал этилди.67 та мурожаат юзасидан оғзаки тушунтириш берилди.Чуқур ўрганишни, вақтни талаб қиладиган 170 та мурожаатни ҳал этиш учун мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Айтиш жоизки, оммавий сайёр қабул давом этмоқда.У вилоятнинг барча ҳудудини қамраб олади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?