«Сайловдан сўнг Ўзбекистонга сайёҳ сифатида, албатта, келамиз!» — ЕХҲТ кузатувчилари

20:22 19 Октябр 2021 Сиёсат
836 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига узоқ муддатли халқаро кузатувчи мақомида ташриф буюрган ЕХҲТ ДИИҲБнинг халқаро кузатувчилари Хасбий Тронд ва Радош Балаш 5-Навоий округ сайлов комиссиясида бўлиб, округ сайлов комиссияси фаолияти танишди. Округ сайлов комиссияси раиси ҳамда комиссия аъзолари билан суҳбатлашиб, мазкур сиёсий тадбирни халқаро стандартлар ва демократия тамойиллари асосида ўтказилиши бўйича мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Таъкидлаш жоизки, кузатувчи Хасбий Тронд ва Радош Балаш Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ва сайлов жараёнларини мониторинг қилиш мақсадида жорий йилнинг 24 сентябрида мамлакатимизга ташриф буюрган. Миссия доирасида кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5- Навоий округ сайлов комиссияси ҳамда бир қатор участка сайлов комиссиялари жойлашган манзилларда бўлиб, участкаларнинг жиҳозланиши, овоз бериш учун сайловчиларга яратилган қулайликлар ва комиссия аъзоларининг салоҳияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўз режалари асосида ҳудуднинг диққатга сазовор манзиллари, муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий-меъморий обидаларда бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси, осори атиқаларидан бир олам таассурот олдилар.

— Сайловларда халқаро кузатувчи сифатида қарийб йигирма йиллик тажрибага эгаман, — дейди Хасбий Тронд. — Саксондан ортиқ мамлакатда сайлов жараёнларини мониторинг қилганман. Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик жараёнларида сайлов комиссиялари аъзоларининг назарий ва амалий кўникмалари оширилгани таҳсинга лойиқ ва сайловлар қонунга қатъий амал қилинган ҳолда ўтишига ишонаман. Халқингиз очиқ кўнгил, меҳмондўст ва бой тарихга эга. Сайловга тайёргарлик баҳона Учқудуқнинг олис овулларидан тортиб, Нуротанинг тоғли қишлоқларигача бўлган ҳудудларда очиқ чеҳрали кишиларни учратдик. Тўғрисини айтсам, мен сайловдан сўнг Ўзбекистонга сайёҳ сифатида, албатта, келаман.

— Сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Айниқса, сайлов комиссияларининг ахборот алмашинувидаги қулайликлар бизга маъқул бўлди, — дейди Радош Балаш.

Кузатувчилар округ сайлов комиссияси матбуот марказида қизғин жараённи ёритиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?