Сайловда адолат тамойилларини таъминлаш энг устувор вазифа

18:36 12 Октябр 2021 Сиёсат
434 0

Фото: "Халқ сўзи"

Сайлов тамойилларининг энг муҳим мезонлари бор. Умумий тенглик, эркинлик, очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши шулар жумласидан. Бинобарин, сайловлар жамият ҳаётидаги тарихий воқелик ҳисобланиб, сайловчилар ўзи муносиб деб билган номзодга овоз бериш орқали мамлакат тақдирига дахлдор жараёнда бевосита иштирок этади.

11-Фарғона сайлов округи комиссияси аъзоси Ўктам Саломов мамлакатимиз сайлов тизимидаги янгиликлар, Сайлов кодексининг миллий ва умуминсоний қадриятларга нечоғлик уйғунлиги хусусида қуйидаги фикрларни билдирди:

— Узоқ йиллар мобайнида нуфузли хорижий илмий марказларда фаолият олиб бориб, олим сифатида кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар, сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар моҳиятини ўргандим. Ҳар жиҳатдан яхши ривожланган, фаровон давлатларда ҳар бир фуқарода сайловчи эканлиги билан фахрланиш туйғуси шаклланган. Шу боис сайловлар жараёнида ҳар бир овознинг ҳисобга олиниши ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларининг шаклланишида бевосита иштирок этиши демократик тамойилларнинг амалдаги энг ёрқин ифодаси саналади. Шу маънода амалиётга жорий этилган янги Сайлов кодекси миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзаро уйғунлаштирганлиги билан аҳамиятлидир. Унга кўра сайловчиларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, маъмурий бирликлар, сайлов участкаларининг жойлашуви, сайлов материаллари, тараддуд ишларини оммавий ахборот воситаларида ёритишгача бўлган барча жараён бўйича мукаммал норматив-ҳуқуқий база яратилди.

2021 йилнинг 23 июнь кунидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови расман бошланган бўлса, энг кўп сайловчи овозига эга 11-Фарғона сайлов округида барча тайёргарлик юмушлари белгиланган тартиб-тамойиллар асосида ташкил этиляпти. Ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг аҳамиятини аҳолига етказишда холислик, адолат тамойилларини таъминлаш энг устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссияси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, МДҲ давлатлари сайловларни кузатиш миссияси штаби аъзолари иштирокида вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари фаолияти ўрганилди. Сайловга тайёргарлик ишлари юқори савияда ва қонуний асосда олиб борилаётгани эътироф этилиб, ҳамюртларимизнинг сиёсий маданияти, фаоллиги ўзгаргани, дахлдорлик ва масъулият ҳисси ошгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда аккредитациядан ўтган маҳаллий ОАВ вакиллари журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловни ёритишнинг ўзига хослиги каби мавзуларда ўқув-семинарлар ҳамда амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.

Ишонамизки, шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларида фарғоналик сайловчилар фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистоннинг яқин истиқболдаги равнақ-ривожини таъминлашни мақсад қилган муносиб номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб овоз берадилар.

«Халқ сўзи» мухбири Ботир Мадиёров ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?