Сайловчилар ишончи ва депутат масъулияти

01:53 14 Октябр 2022 Жамият
502 0

Наманган вилоятининг шароити оғир маҳаллаларидан бири — “Уйғурсой”да “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижроси йўлидаги ҳаракатлар том маънода уйғурсойликлар ҳаётини яхшилаш ва эртанги кунга бўлган ишончини оширяпти, десак, айни ҳақиқат.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда энг шароити оғир мингдан ортиқ маҳаллалар рўйхатга олинган бўлса, уларнинг элликтадан зиёди Наманган вилояти ҳисобига тўғри келади. Вилоят ҳудудининг қарийб 45 фоизини ташкил қилган Поп туманидаги “Уйғурсой” МФЙ ана шундай ҳудудлардан биридир.

Атрофи дашт-адирликлардан иборат ушбу маҳаллада 31 та икки қаватли ва 90 дан зиёд ҳовли уй-жойлар бўлиб, уларда бугунги кунда 2084 нафар аҳоли яшайди.

Тан олиш керак, ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган бу уйлар узоқ йиллар деярли таъмирланмади. Коммунал хизмат кўрсатиш тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Маҳалладаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган уй-жой мулкдорлари ширкатининг йўқлигидан фуқаролар барча коммунал соҳага оид муаммоларни ўз имкониятига қараб бартараф этишга ўрганиб ҳам қолганди.

Қўшни Чуст туманидан тортиб келинган 18 километр ичимлик суви қувурлари эса аллақачон чириб бўлган, маҳаллага бир кеча-кундузда атиги бир соат сув берилиши сабабли кўп қаватли уйлардаги канализация тармоғи деярли ишдан чиққан эди. Ҳатто оқова суви ҳам йўқлигидан на бир дарахт кўкартириб бўлади, на бирон экин экиб бўлади.

Ички йўллар ҳам таъмирталаб ҳолатга келган, аҳоли тиббий хизмат учун туман ёки вилоят марказига қатнашга мажбур. Умумий ўрта таълим мактаби ва болалар боғчасидаги шарт-шароитлар ҳам мақтагулик эмас.

Уйғурсойликлар узоқ йиллардан бери шундай шароитда яшаб келди. Қилинган юзлаб мурожаатлар, шикоятлар қайсидир раҳбарларнинг столи устида сарғайиб қолаверди ёки зарур маблағ ажратишдаги муаммолар сабаб режалаштирилган ишлар ортга сурилиб келаверди. Лекин шундай шароитда ҳам маҳалла аҳли ваъдаларга ишониб яшади, умидини ҳеч ҳам сўндирмади.

Аввало, давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати туфайли маҳаллалар йилдан-йилга чирой очиб бормоқда. Муҳими, оддий одамларни эшитадиган, уларнинг дардини тинглайдиган тизим яратилдики, бундан уйғурсойликлар ҳам мамнун.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдумалик Акромов мазкур маҳалла аҳолиси билан учрашди, уларнинг муаммолари билан қизиқди. Нафақат қизиқди, балки аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўрди. Натижада “Уйғурсой” МФЙ туман марказидан қолишмайдиган даражадаги обод гўшалардан бирига айланмоқда.

— Маҳалладаги муаммоларни ҳал қилиш осон бўлмади, — дейди депутат. — Буткул издан чиққан инфратузилмани яхшилашга озмунча маблағ кетмайди. Биргина туман билан бу масалани ечиш қийин. Вилоятда эса шароити бундан-да оғир маҳаллалар бор. Аммо сайловчиларнинг умиди, ишончи менга куч-қувват берди, йўл кўрсатди. Тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари билан бирга маҳаллага келиб, мавжуд ҳолатни яна бир бор ўргандик, аҳоли билан гаплашдик.

Маълум бўлишича, маҳаллада Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги объектлар — жазони ижро этиш муассасаси, ҳарбий қисм жойлашган бўлиб, икки қаватли уйларда ҳарбийлар оиласи билан яшайди. Шунингдек, маданият уйи, сув оқава тизими ва яна бир қанча обеъктлар ҳам вазирлик тасарруфида эканлигидан келиб чиқиб, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мазкур вазирлик иштирокисиз ҳал бўлмаслигини тушуниб етдим.

Шу йилнинг январь ойида ваколатим доирасида ички ишлар вазирига депутат сўрови юбордим. Вазир ушбу масалани беэътибор қолдирмади ва тегишли таркибдаги ишчи гуруҳни “Уйғурсой”га жўнатди. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида маҳаллада амалга ошириладиган ишлар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Хайрли ишнинг қаноти бор, деганларидек, депутат А. Акромовнинг ташаббуси билан маҳаллада тез орада катта кўламдага қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш бошланиб кетди. Орадан етти ой ўтиб, куни кеча уйғурсойликлар ҳаётидаги энг қувончли воқеа — бугун таниб бўлмас даражада бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, маҳалладан шаҳарчага айланган “Уйғурсой” МФЙнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя ҳаётийлигини таъминлаш йўлида мақташга арзигулик ишлар амалга оширилаётир.

— Биз маҳалламиздан шундай ўзгаришлар бўлишига ишонмагандик, — дейди меҳнат фахрийси Холмат Талаббоев. — Қисқа вақт ичида “Уйғирсой”да таниб бўлмас даражадаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Муаммолар бартараф этилмоқда. Улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан мамнунман.

Таъкидлаш жоизки, икки қаватли уйларнинг барчаси капитал, шунингдек, том қисми қайтадан ёпилиб, йўлаклар, ташқи деворлар тўлиқ таъмирланибди. 18 километрли ичимлик суви қувури алмаштирилиб, одамларга кун давомида ичимлик сувини етказиш йўлга қўйилди.

Аҳолига дарахт экиб, ўз ҳовлисида экин экиш имконияти ҳам яратилди. Янги электр тўсинлар ўрнатилиб, симлар алмаштирилди. Ички йўлларга асфальт ва бетон қопламалар ётқизилиб, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди. Маиший хизмат хоналари — кичик савдо дўкони, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, компьютер хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, мини футбол стадиони, болалар ўйингоҳи, “workout” майдончаси, шинам шийпонлар фойдаланишга топширилди.

Маданият уйи ҳам капитал таъмирланиб, ҳақиқий маънодаги Маънавият ва маърифат марказига айлантирилди. У ерда кутубхона, IT-ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Хуллас, Уйғурсой маҳалласи Янги Ўзбекистонга ярашадиган гўзал ва обод масканга айланган.

Ушбу хайрли ишлар учун маҳаллий бюджет 50 млрд. сўм, ички ишлар вазирлиги ҳисобидан эса 7 млрд. сўмгача маблағ сарфланди.

Маҳалладаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг эски биноси ўрнида янги ўқув биноси қурилиши ва мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирланиши ҳам келгуси йилдаги дастурга киритилгани ҳақидаги хабарни уйғурсойликлар катта қувонч билан қарши олишди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Депутат Абдумалик Акромовнинг депутат сўрови асосида қилинган ва қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсак.

Хусусан, Поп билан Чуст туманларининг чекка ҳудудларини бир-бири билан боғловчи асосий йўл — халқ тилида “Селхона” деб аталадиган жойда бўлдик. Маълум қилинишича, 25 йил муқаддам катта миқдорда келган сел оқими бу ердаги кўприкни ювиб кетиб, катта жарлик пайдо бўлган эди. Ўшандан буён уни қайта тиклаш ишлари ортга сурилиб келинган. Икки туман аҳолиси ва Поп туманининг сўлим гўшалари дам олишга келган фуқаролар нисбатан узоқ масофани ташкил этадиган йўлдан юришга мажбур бўлаётган эди.

Депутат сайловчиларнинг мурожаатидан сўнг 2021 йилнинг февралида Ўзбекистон автомобиль йўллари қўмитасига сўров юборди. Соҳа мутахассислари келиб селхонадаги ҳолатни ўрганиб чиқишди ва қисқа муддатда лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланиб, қўмитанинг табиий офат оқибатларини бартараф этишга ажратилган маблағлари ҳисобидан 2 млрд. сўм ажратилиб, мустаҳкам кечув бунёд этилди.

Шунингдек, А.Акромовнинг халқ таълими вазирига йўллаган депутат сўрови билан Поп туманининг Юксалиш маҳалласида замонавий талаблар асосида бунёд этилаётган уч қаватли мактаб қурилиши билан ҳам танишдик. Ҳозир ўқувчилар таҳсил олаётган мактаб биноси 140 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугунги кунда 260 нафар бола ўқийди. Ачинарлиси, мактаб ўрнида бир пайтлар хўжаликнинг кимёвий дорилар сақланадиган омбори бўлган. Қўшимча бинолар қурилиб, омбор мактабга айлантирилган. Иссиқ кунларда кимёвий дорилар таъсири сезилиб турар, мактаб деворлари борган сури нураб бораётганди.

— Маҳалламиздаги 330 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши анча йиллар олдин бошланган эди. Лекин молиявий муаммо сабаб, бир қавати қурилиб, тўхтаб қолганди. Абдумалик Акромовнинг саъй-ҳаракати билан мактаб қурилиши бу йилги давлат дастурига киритилди. 14 млрд. сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлар қайта бошланди. Ҳозир ички пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Яқин ойларда янги мактабга кўчамиз. Ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам, бутун қишлоқ аҳли бу кунни сабрсизлик билан кутяпти, — дейди 48-мактаб директори Сайёра Алимова.

Депутат таҳсил олган мактабда ҳам бўлиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашдик. Депутатнинг ёрдами билан мактаб бинолари атрофига 100 га яқин турли манзарали дарахтлар ўтқазилибди. Шунингдек, унинг елиб-югуришлари билан ўқитувчилар хонаси, фаоллар зали стол, стуллар ва бошқа мебеллар билан қайта жиҳозланибди.

Ўрганишларимиз жараёнида попликлар депутатнинг фаолиятидан мамнун эканликларини, сайловда унинг номзодини қўллаб, адашмаганини қайта-қайта тилга олишмоқда.

Депутат Абдумалик Акромов “Сайловчиларимнинг ишончи менга янада кўпроқ куч-қувват беради, янги ташаббуслар сари етаклайди”, дейди қувонч билан. Ҳа, ҳақиқатан ҳам халққа хизмат қилиш, одамларнинг оғирини енгил қилишдек улкан бахт йўқ дунёда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?