Сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди

15:59 14 Июнь 2023 Сиёсат
401 0

Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган мажлисида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ҳамда ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига жорий йил
6-13 июнь кунлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 159 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554 нафарни ташкил этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер