Саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, салоҳиятни рўёбга чиқарамиз

13:23 15 Июнь 2021 Сиёсат
454 0

Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш барқарор тараққиётга хизмат қилади.

Хотин-қизлар сайёрамиз аҳолисининг ярмини ташкил этади ва шу билан инсоният тамаддунининг ярим салоҳиятини ҳам ўзида жамлаган. Гендер тенглиги жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, барқарор тараққиёт асосида иқтисодий имкониятларни тўла рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайди. Хотин-қизларни жамият ҳаётига кенг жалб этиш самарадорликни ошириши, тараққиёт сари етаклаши бугунги кунда исботланган ҳақиқат.

Тарих ва замонавийлик

Тадқиқотчилар қайд этишича, сайёрамизда ўз ёзуви, ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларига эга бўлган тамаддун минг йилликлар давомида ҳукм суриб келаётганига қарамай, инсониятнинг тарихий силсиласи, асосан, эркак зотининг илдизлари ва ривожи билан боғлиқ, деб ҳисобланади. Шундай узоқ давр ичида аёлнинг жамиятдаги ўрни етарлича тавсифланмаган.

Ана шундай қарашларнинг хатолигини одамлар фақат ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб англай бошладилар. 1948 йили БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари декларацияси асрлар оша илк бор Ер сайёрасида барча инсонлар тенглиги ҳамда камситишнинг ҳар қандай шаклига қарши кураш ҳақидаги принципиал жиҳатдан янги ғояни илгари сурди. Дунёда эркаклар ва аёллар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни ўзгартириш, яъни гендер муаммоси кун тартибига чиқди. Шу маънода БМТ томонидан 1954 йили қабул қилинган Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қоидалари нақадар муҳимлигини қайд этмоқ жоиз. Ўшанда инсоният тарихида илк бор аёлларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш борасида тенг ҳуқуқлилиги расман тан олинган. Ҳар икки жинс вакилларининг сайлов ҳуқуқлари тенглиги алоҳида моддаларда мустаҳкамланган.

Ҳа, муаммо аниқ ва энди у ҳал қилинса, ютуқлар ҳам ўз-ўзидан келади, гўё. Хотин-қизлар ҳуқуқлари жамият ҳаётининг барча жабҳасида муҳимлиги, нозик жинс вакилаларининг иқтисодиёт, фан, сиёсат ва маданиятга ижобий таъсири исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат сингари тасдиқланиши керакдай. Аммо ушбу масалада жамият томонидан ягона тўхтамга келиш, бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш ҳақида ҳали-ҳануз тўла асос билан гапира олмаймиз...

Чунки реал ҳаётда манзара бошқача. Пекин декларацияси ва гендер тенглиги соҳасидаги муҳим халқаро ҳужжат — Ҳаракатлар платформасининг 25 йиллиги муносабати билан БМТ берган расмий баёнотда айтилишича, чорак аср давомида дунёдаги бирорта мамлакат декларацияни тўла рўёбга чиқаришга ҳатто яқинлашмади ҳам. Ҳужжатда, жумладан, барча қизлар ва аёлларнинг зўравонликдан холи ҳаёт кечириш, таълим олиш, эркаклар билан тенг меҳнат ҳақига эга бўлиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. БМТ маълумотларига кўра, сайёрамизда турли даражадаги раҳбарларнинг фақат 25 фоизга яқининигина хотин-қизлар ташкил этади. Ташкилот барча мамлакатларни Пекин декларациясининг тамойилларини рўёбга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш ҳамда хотин-қизлар аҳволини яхшилаш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди. БМТ Бош котибининг ўринбосари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Фумзиле Мламбо-Нгкука айтганидек, аёллар ҳамон оиладаги мажбуриятларнинг асосий қисмини ўз зиммасига олади, уларнинг иш ҳақи камроқ ва иш жойи унчалик барқарор эмас.

Ҳуқуқлар тенг эмаслиги, таълим олиш қийинлиги, ўз сиёсий қарашларини ифода этишдаги тўсиқлар фақат аёлларнинг ўзини ёмон аҳволга соляпти, деб ҳисоблаш тўғри эмас. Жаҳон банки мутахассислари тадқиқотлари кўрсатишича, бу омиллар бутун жамиятга зиён келтиради, давлатларнинг, сайёрамизнинг ривожини секинлаштиради. Турли далилларга кўра, гендер муаммолари натижасида инсон салоҳиятининг 45 фоизи фойдаланилмай қолмоқда.

Юқорида келтирилган фикрларни тасдиқловчи қатор мисоллар мавжуд. Хусусан, Кенияда фермер аёлларга таълим олиш ва инвестициялардан фойдаланишда эркаклар билан тенг имкониятлар берилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини тахминан 20 фоизга оширган. Ҳиндистонда ўқимишли оналарнинг фарзандлари, саводсиз оналарнинг фарзандларидан кўра кунига икки соат кўпроқ шуғулланар экан. Қатор ўарб давлатларида ўтказилган ўрганишлар ҳам шуни кўрсатдики, она фарзанди туғилгунига қадар олган ҳар бир йиллик таълим кейинчалик боланинг математика ва ўқиш тезлиги бўйича натижалари юқорироқ бўлиб, қўшимча баллар олишига, луғат бойлиги ҳам сезиларли даражада кўпайишига олиб келар экан. Турли давлатлардан тўпланган маълумотларни солиштириб, тадқиқотчилар шундай хулосага келишди: гендер масаласидаги нотенглик ҳукм сурувчи жамиятларда камбағаллик, тўйиб овқатланмаслик, муҳтожлик даражаси юқорилиги ва касалланиш ҳолатлари кўпроқ кузатилар экан.

Янги Ўзбекистоннинг янгича ёндашуви

Масаланинг муҳимлиги яхши англанган Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кейинги беш йилда хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлашга, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида эътибор берилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда, албатта, тинчлик, адолат ва фаровонлик ҳукм суради.

Ўзбекистон хотин-қизларни камситишнинг турли шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни кўзда тутувчи барча асосий халқаро шартномаларга қўшилган. Соҳада 25 та қонун ҳужжати қабул қилинган. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисида»ги , «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида»ги, «Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонунлар ана шулар жумласидандир. Уларни ишлаб чиқишда БМТнинг Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқарма, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Халқаро меҳнат ташкилоти каби тузилмалари экспертлари иштирок этишди. Шунингдек, қатор Президент Фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари кучга кирди. Аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш борасидаги ишларни кучайтиришни, эскирган урф-одатларга қарши курашни кўзда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги гендер тенглиги тамойилига мос келмайдиган номувофиқликларни бартараф этишга, уларни қўллаш жараёнида аёлларни камситиш эҳтимоли юзага келадиган нормаларни аниқлашга қаратилган мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертиза жорий этилди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида, шунингдек, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини 2030 йилгача бўлган даврда амалга ошириш ва эришиш бўйича ишларни изчил ташкил этиш мақсадида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 9 та вазифа ишлаб чиқилди. Уларга мувофиқ 2030 йилгача аёллар ва қизларга нисбатан камситишнинг барча турини бартараф этиш, гендер тенгликни, шунингдек, аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга доир қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш лозим бўлади.

Бундан ташқари, бошқарувнинг турли даражасида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида ҳам гендер тенглиги тамойилини тўла жорий этиш кўзда тутилади.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди. Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди. Бу эса мазкур соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашади. Тузилган Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни амалга оширади, БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча турларини бартараф этиш бўйича конвенциясининг ҳамда Пекин ҳаракатлар платформаси ва Ҳаракатлар Миллий дастурининг асосий қоидаларини бажариш масалаларини мувофиқлаштиради.

Амалга оширилган ишлар натижасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки сезиларли даражада ортди, ушбу кўрсаткич 33 фоизга етди. Жумладан, аёлларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши 27 фоизни ташкил этди. 81 та вазирлик ва идорада 15 мингдан ортиқ илғор ва ўқимишли аёллардан кадрлар захираси шакллантирилди.

Бугун олтита туманда аёллар ҳоким бўлиб ишлашяпти, йирик корхона, банк ва компанияларда, тадбиркорлик субъектларида биринчи раҳбар ўринбосарлари бўлган аёлларнинг сони кўп. Вакиллик органларига сайловларда хотин-қизларга кўпроқ овоз берилмоқда. Сиёсий партияларда уларнинг улуши 44 фоизга етди. Яқинда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини 2030 йилгача бўлган даврда бажариш доирасида хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақидаги ахборот БМТ аъзолари бўлган давлатлар орасида БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ушбу соҳада кузатилаётган тенденциялар аёлларнинг давлат ҳокимиятининг энг юқори бўғинларидаги иштирокини кенгайтириш, парламент, ҳукумат ва суд ҳокимиятидаги сонини кўпайтириш, гендер тенгсизлигини бартараф этиш бўйича умумжаҳон жараёнларига мувофиқ кечмоқда. Ўзбекистонда 2019 йил охирида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари таркибида аёллар 32 фоизни, Олий Мажлис Сенати таркибида 25 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 45-ўринни эгаллаб, Германия, Канада, Австралия, АҚШ ҳамда Марказий Осиё давлатлари, умуман, 130 та давлатни ортда қолдирди.

Олий таълим соҳасида ҳам жиддий ўсиш бор, у ерда хотин-қизлар улуши 40 фоизга етди. Тадбиркорликда 35 фоизни ташкил этди. Шунингдек, аёллар ахборот-коммуникация, инновациялар, энергетика, муҳандислик соҳаларида ҳам кенг иштирок этишмоқда.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Германнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг гендер тенглиги борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда. Қонунларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги ва меҳнатга лаёқатли аҳоли умумий сонидаги улуши кўпайишига хизмат қилмоқда. Бу эса, сиёсатчи ва раҳбар аёллар кўрсаткичи ҳамма соҳада ортиб бораётгани, мамлакат гендер тенгликка эришиш йўлидан изчил бораётганидан далолатдир.

Аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳада муҳим вазифаларни бериш, тинчлик ва барқарорлик, минтақада тараққиёт билан боғлиқ масалаларда янада кўпроқ таъсир кўрсатиш учун Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти тузилди.

Мулоқот 2020 йил 23 декабрда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мамлакатларининг етакчи аёллари учрашуви доирасида фаолият бошлади.

Мамлакатимизнинг гендер тенглигини илгари суришдаги, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришига шароит яратишдаги катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мулоқотга раислик қилиш Ўзбекистон Республикасига топширилди.

Тенг ва фундаментал ҳуқуқлар

Шубҳасиз, гендер тенглигини илгари суриш, аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини тенг рўёбга чиқаришга шароит яратиш, шунингдек, инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ишлар давом эттирилади. Бунда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенглигига эришиш стратегияси дастуриламал бўлади.

Кенг қамровли бу стратегия шуниси билан аҳамиятлики, у Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган узоқ муддатли мақсадлар асосида ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида барча соҳада ва қарорлар қабул қилиш ва бажаришнинг барча даражасида тенглик тамойилини жорий этишга бўлган комплекс ёндашувни кўзда тутади.

Ўзбекистон Президенти томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва ишчанлик муҳитида хотин-қизларнинг ролини тубдан кўтариш ишларини давом эттириш ҳақидаги қатъий қарор 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида билдирилган эди. Бу йўналишдаги амалий қадамлардан бири сифатида мамлакатимизда минтақавий аёллар бизнес форумини ўтказиш айтиб ўтилган эди.

Ушбу форум давлат раҳбарининг ташаббусига кўра, «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор тараққиёт доирасида хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзуида 15 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилади. Тадбирнинг мақсади — минтақа вакилаларининг фаровон ҳаётга эришишдаги ўз салоҳиятини тўлиқроқ рўёбга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.

Форум аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун уларга қандай замонавий билим, кўникма ва касб-ҳунарларни ўргатиш кераклиги нуқтаи назаридан ҳам долзарб ҳисобланади. Кўплаб мутахассислар фикрига кўра, хотин-қизлар масъулиятли, ишчан ва стрессга чидамли бўлишади. Шу хислатлар яхши мутахассис, ишчан раҳбар ва толмас тадқиқотчиларга ҳам хосдир. Қобилиятнинг рўёбга чиқиши учун эса, кўпинча ҳаракатга ундаш, ишчанлик, олдинга қадам ташлаш каби хислатлар талаб этилади.

Шу маънода, давлатимизда минтақа мамлакатлари учун асқатадиган катта тажриба бор. Ўзбекистон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни бошқалар билан ўртоқлашишга ҳамиша тайёр.

Жумладан, Президент қарори билан хотин-қизларни барча даражада ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим ташкил этилган бўлиб, бу амалиётда салмоқли самара бераётгани ҳеч кимга сир эмас. «Ўзбекистонда ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди» тамойили асосида олиб бориладиган бу эзгу саъй-ҳаракатлар ҳар бир маҳалла ва ҳар бир уй, ҳар бир оилани қамраб олади.

Ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи вилоятларда хотин-қизларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганиб чиқди. Улар билан манзилли ишлаш учун мутлақо янги тизим — «аёллар дафтари» жорий этилди. Мамлакатимиз бўйлаб умумий ҳисобда 30 ёшдан ошган 6,5 миллион нафарга яқин аёллар билан сўров ўтказилди, улардан 6,8 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхатига киритилди. Моддий ёрдам ва кўмак ажратишда айнан шу қатламга алоҳида эътибор берилди.

Фақат жорий йилнинг ўзида бюджетдан 210 миллиард сўм маблағ қийин ҳаётий шароитларга тушиб қолган ва ёлғиз оналар қарамоғидаги қизларни уй-жой билан таъминлаш учун ажратилади. Қўшимча равишда 211 миллиард сўм аёлларни ижара асосида «ижтимоий тураржой» билан таъминлаш учун йўналтирилади. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган, ўзгалар парвариши ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш учун 110 миллиард сўм сарфланади.

Аёллар тадбиркорлиги ҳам изчил қўллаб-қувватланади. Бизнес билан шуғулланиш истагидаги опа-сингилларимизга 6,9 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. 14 та ҳудудда Аёллар тадбиркорлиги марказлари ташкил этилади. Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд кредит мажбуриятларини енгиллаштириш мақсадида кредит қарздорлиги бўлган 8 919 нафар аёлга 6,8 миллиард сўмлик кафолат маблағи берилади. Шу билан бирга, 26 450 аёлга 4,5 миллиард сўмлик компенсация тўловлари ажратилади.

Беш муҳим ташаббус доирасида 21 500 нафар хотин-қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилади. Натижада ўз бизнесини бошлаганлар сони бир йилда деярли 45 000 нафарга ошди.

Бу йил бюджетдан қўшимча равишда ажратиладиган маблағ — 600 миллиард сўм аёлларни касбга тайёрлаш ва ишга жойлаштириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бугунги кунда аёлларимиз халқ амалий санъатининг 27 йўналишида фаол иш олиб боряпти. Улар учун тажрибали ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

Мамлакатимизда ота-онасини ёки улардан бирини йўқотган қизлар, боқувчиси бўлмаган ёлғиз аёллар ва кам таъминланган оилалардан бўлган қизлар учун олий таълим муассасасига киришда тақдим этиладиган грантлар икки бараварга оширилди.

Гендер тенглиги комиссияси қошида «Аёллар клуби» ташкил этилиб, уларнинг аъзоларини раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, тадбиркор опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.

Албатта, яна бир қатор вазифаларни бажариш, алоҳида йўналишлардаги ишларни кучайтириш талаб этилади.

Маълумки, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ индекси эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 2020 йил якуни бўйича хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик борасида муҳим ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат сафига кирди. Бу эса бизнинг тўғри йўлдан бораётганимизни кўрсатади. Бундан кейин ҳам саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, опа-сингилларимизнинг бор салоҳиятини юзага чиқариш ишларини изчил давом эттирамиз.

Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати Раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?