Саид ал-Мағрибий: Ўзбекистонда мени ўзбеклашган мисрлик, Қоҳирада эса мисрлик ўзбек, дея аташади

17:35 04 Август 2020 Сиёсат
408 0

«KAPO GROUP» компанияси (Миср) қатор йиллардан буён Ўзбекистон бозорида фаолият юритиб, турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. «Дунё» АА мухбири компания директори Саид ал-Мағрибий билан Ўзбекистон – Миср савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, тадбиркорнинг юртимиздаги фаолияти хусусида суҳбатлашди.

– Ҳурматли Саид ал-Мағрибий, саволларимизга жавоб беришга вақт ажратганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон билан ҳамкорлигингиз тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ўзбекистонда мени ўзбеклашган мисрлик, Қоҳирада эса мисрлик ўзбек, дея аташади. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳамкорлигимнинг дастлабки йилларида Тошкентдаги Миср маданий марказида араб тилидан дарс берганман. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Бадиий академиясида 5 та тасвирий санъат кўргазмасини ташкил қилдик. Уларда Ўзбекистон ва Миср тарихи, маданиятини акс эттирувчи суратлар намойиш этилди. Кўргазмаларни ташкил қилишда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ҳамда Мисрнинг Тошкентдаги элчихонаси яқиндан кўмак берди.

Шунингдек, Ўзбекистон – Миср маданияти ва санъатига бағишланган 20 га яқин тадқиқот ишимнинг 10 таси ўзбек тилига таржима қилинган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон маданияти, ур-одатлари ва турмуш тарзи билан яқиндан танишлигим бугун иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишимга замин яратди.

— Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолатини қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги алоқалар бундан 2 ярим минг йил муқаддам ўрнатилган бўлиб, асрлар давомида ривожланиб келган. Томонлар муштарак тарих ва маданиятга эга. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувлари эса давлатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиб, муносабатларнинг янада ривожланишида муҳим ўрин тутди.

Хусусан, ташриф доирасида икки давлат ўртасида турли соҳаларда 11 та ҳукуматлараро битим имзоланди, мисрлик инвесторларнинг Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун қулай замин яратилди.

Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда делегациялар алмашинувлари сезиларли равишда ортди. Биргина мисол. Агар 2018 йил Мисрдан Ўзбекистонга 8 та делегация келган бўлса, 2019 йилда 40 та ана шундай ташрифлар амалга оширилди. Бизнес форумлар ва учрашувлар доирасида 10 дан ортиқ «B2B» шаклидаги мулоқотлар ташкил қилинди.

Тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқалари, бизнес форумлар ва тузилган қўшма корхоналар савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда туристик соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш имконини берди.

Иқтисодий, инвестициявий муносабатларнинг изчил ривожланиб боришида Мисрнинг йирик компаниялари вакилларининг Тошкент, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Термиз шаҳарларига ташрифлари сезиларли таъсир кўрсатди. Учрашувлар чоғида 30 дан ортиқ меморандум имзоланиб, ўзбекистонлик шериклар билан 23 та қўшма корхона таъсис этилди. 

Ҳозирги кунда Тошкент ва Шарм аш-Шайх шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиб, яқин келажакда Тошкент ва Қоҳира ўртасида ҳам парвозларни амалга ошириш кўзда тутилган.

— Мисрнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган қайси компанияларининг муваффақиятли инвестициявий ҳамкорлиги тўғрисида тўхталишни хоҳлардингиз?

— Компаниямиз томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган оширилаётган муваффақиятли ҳамкорлик лойиҳаларига кўплаб мисол келтириш мумкин ва бу қувонарлидир. Ҳозирги кунда Наманган вилоятининг Норин дарёси соҳили бўйида 85 гектар ҳудудда балиқ етиштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширмоқдамиз. Асосий мақсадимиз турли балиқ турларини етиштириш ва экспортга йўналтириш.

Балиқчилик хўжалигининг очилиши ва ишга тушиши эса ушбу маҳсулот турини ишлаб чиқариш ва экспортини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.

Иккинчи муваффақиятли лойиҳа сифатида Қашқадарё вилоятида мебель ишлаб чиқарувчи корхонани келтириш мумкин. Корхона фаолиятига мисрлик мутахассислар жалб этилиб, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва хорижга экспорт қилинмоқда.

Тошкент вилоятида товуқ гўшти ишлаб чиқаришга ихтисослашган ферманинг ишга туширилишини навбатдаги муваффақиятли лойиҳа дейиш мумкин. Тайёр маҳсулот нафақат ички бозор, балки ташқи бозорга ҳам йўналтирилади.

Таъкидлаш жоиз, коронавирус пандемияси шароитида ҳам икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, мамлакатлар ўртасида 2 бор чартер рейслар ташкил этилиб, Мисрда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ватанга қайтарилган бўлса, Миср фуқаролари Қоҳирага етказилди. Келаси ҳафтада Қоҳира-Тошкент-Қоҳира йўналишида яна иккита чартер рейс режалаштирилган.

Мазкур ҳамкорлик муносабатларига дипломатик ва халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларнинг энг юқори даражаси, дея баҳо бериш мумкин.

Бунда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда элчихоналаримизнинг муносиб ҳиссаси бор.

— Ўзбекистонда инвестицияларни жалб этиш бўйича яратилган имконият ва шароитларни қандай баҳолайсиз?

— 2019 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан хорижий инвесторларга қатор имтиёзлар тақдим қилинди ва бу сармоядорлар томонидан юқори баҳоланди. Шу тариқа Ўзбекистон чет эл инвестицияси учун очиқ мамлакатга айланди.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш агентлигини тузиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарорни хорижлик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатларидан бири дейиш мумкин. Ҳужжат кучга кириши билан икки мамлакат инвестиция вазирликлари ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон — Миср ишбилармонлар кенгаши фаолияти янада жонланди.

Давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари сабаб бугун сармоявий ҳамкорлик янада ривожланмоқда.

Мисрлик тадбиркорларнинг Ўзбекистон банклари билан бевосита иш олиб бориши шериклик алоқаларининг сезиларли даражада фаоллашувига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мен доимо Ўзбекистон телевидениеси каналларини кузатиб бораман. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида мамлакатда очиқликни таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўрниларини яратиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди. Давлат раҳбарининг ушбу соҳаларга алоҳида эътибор қаратиши, сўзсиз, Ўзбекистонда очиқ ва демократик давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштиришга хизмат қилади. Сармоядор учун энг муҳим жиҳатлар ҳам аслида шудир.

— Суҳбат учун ташаккур. Истиқболдаги режаларингизга муваффақият тилаб қоламиз.

— Раҳмат!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?