Рўзғорга «оқиб» кираётган пул, кекса томорқачи Норхол момо ва занг босган кетмон...

16:58 28 Март 2022 Жамият
916 0

Фото: Халқ сўзи

Қашқадарёда баҳор дастлаб Миришкор тумани кенгликларидан бошланади. Илк бойчечак ҳам шу қир-адирларда бўй кўрсатади. Баҳор насимларини биринчи бўлиб, шу яйловларда қўй боқиб юрган чўпонлар ҳис қилишади. Бинобарин, бу йилги серёғин ва серфайз кўклам нафақат миришкорлик чорвадорларни қувонтирмоқда, балки фермерларни, томорқачиларни кўкламнинг ҳар онини ғанимат билиб экин-тикин ишларини жадаллаштиришга ундамоқда.

Серғайрат миришкорликлар Президентимиз томонидан эълон қилинган «Яшил йиллик» умуммиллий тадбирида ҳам фаол иштирок этмоқда. Уларга ҳеч ким «Кўчага чиқ, у ерни тозала, бу ерга кўчат эк», демайди. Талаб қилинаётган юмуш бу — ўз ҳовлисини гуллатиб қўйса, бас. Аммо тан олиш керак, бугунги кунда ўз томорқасидан миллион-миллион даромад олиб, эл эътирофига сазовор бўлаётган томорқачилар билан бирга ҳовлисини ажриқ босган, кетмони занглаб кетган кишилар ҳам йўқ эмас.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигида тузилган ишчи гуруҳи Миришкор туманидаги «Миробод» МФЙ ҳудудидаги томорқачилар фаолиятини ўрганди.

Лутфулла Худойбердиев томорқасини мисоли кўкатлар «фабрикаси»га қиёсласак арзийди. Чунки бу томорқадан қишин-ёзин бозорга кўкат чиқиб туради. Хонадон соҳиби қайси кўкатни қайси вақтда экишни яхши билади. Шунинг учун ҳам томорқа бўш турмайди.

— Ҳар куни рўзғоримга пул кириб туради, чунки ҳар тонг бозорга пиёз, саримсоқпиёз, шивит, шавил, редиска, петрушка чиқарамиз, — дейди Лутфулла Худойбердиев. — Маҳсулотимиз янги узилгани учун бозорда тез харидорини топади. Шундан бўлса керак, ҳар йили камида 25 миллион сўмдан зиёд даромад қиляпмиз.

— Кўкат етиштирувчилар кўп, аммо улар тарқоқ, — деди А. Ҳаитов. — Уларни бирлаштириш керак. Маҳсулотни узиш, саралаш, боғлаш ва қадоқлаш технологияларини яратиш керак. Яъни маҳсулотнинг ўз бренди бўлсин, шунда бундай маҳсулотни бемалол супермаркетларга ёки қўшни ҳудудларга юбориш имконияти яратилади. Бунинг учун эса ҳудудда «Томорқа хизмати»ни йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

А. Хаитов 70 ёшни қаршилаган кекса томорқачи Норхол момо Ҳамроева фаолиятига юқори баҳо берди. Ҳовлида саримсоқпиёз барқ уриб ўсиб турибди. Бир томонда пиёз, шивит, шавил, редиска бўлса, мўъжазгина иссиқхона бодринг экиш учун тайёрланган. Норхол момонинг Наврўз кунлари очиладиган гулларини айтмайсизми? Онахонга турли рангда жило сочадиган бу ноёб гулни кўпайтириш тавсия этилди.

— Онахон, сиз қулупнайни айни пишиқчилик пайтида чиқарар экансиз, агар уни плёнка остида етиштириб, айни шу кунларда чиқарсангиз, ундан 2-3 баравар кўп даромад оласиз, даромадни қўя турайлик, одам организми витаминга танқис бўлган кўклам пайтида ҳовлингизда қулупнай пишса, бу танага қувват бўлади, — деди А. Хаитов.

Ишчи гуруҳи Норхол момонинг ён қўшниси Темир Худойбердиев хонадонида парваришлаётган кўкатларни кўздан кечирди. Сурхондарёлик ва водийлик тажрибали боғбонлар ҳам томорқачиларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, мазкур «Миробод» МФЙда томорқасини қаровсиз қолдирган кишилар ҳам, афсуски, бор экан.

Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги бир қатор томорқачилар фаолиятини ўрганди. Қаровсиз қолдирилган, ерга ишлов берилмаган хонадон эгалари огоҳлантирилди. Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги «Қўшқанот» МФЙ ҳудудида яшовчи Сайфи Дўлмонов, Эштурсун Худойбердиев, Жалол Бобоев ва Иззатилла Бердиев каби фаол томорқачиларга миннатдорчилик билдирилиб, Рўзи Назаров ва Эгамберди Бердиевларга томорқасига эртаги экин экишга кўмаклашилди.

Энг муҳими, баҳор серёғин келган йилда Қашқадарё вилоятида томорқалардан самарали фойдаланиш, аҳолига дарахт кўчатлари ҳамда уруғ етказиб беришда ишчи гуруҳи билан бирга Сурхондарё вилоятидан 200 нафар боғбон эртачи экин ва дарахт кўчатлари экишда томорқачиларга кўмакдош бўлишмоқда. Улар воҳага 25 минг туп турли мевали дарахт кўчатлари ҳамда сабзи, пиёз, помидор, ошқовоқ, бодринг ва бошқа сабзавотлар уруғини бепул етказиб беришди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер