Россиянинг бир қатор вилоятлари, Чимкент ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистоннинг янги ваколатхоналари иш бошлади

15:28 09 Июнь 2022 Сиёсат
444 0

Фото: Иллюстратив фото

Жорий йил 1 июндан Россиянинг бир қатор вилоятлари, Чимкент ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистоннинг янги ваколатхоналари иш бошлади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов маълум қилди.

Маълум қилинишича, ўтган беш ой давомида 6009 нафар фуқаро Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия, Германия, Япония давлатларига манзилли ишларга жўнатилган.

Таъкидлаш жоиз, 2022 йил 1 мартда қабул қилинган «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 149-сонли Президент қарорида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янги ваколатхоналарини очиш орқали хориждаги юртдошларимизга кўрсатиладиган хизматлар қамровини кенгайтириш белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 июндан Россия Федерациясининг Тула, Воронеж, Волгоград, Нижегород, Иркутск, Амур вилоятлари, Краснодар, Красноярск, Перм ўлкалари, Ханти-Мансийск автоном округи, Қозоғистоннинг Чимкент ва Туркиянинг Истанбул шаҳарларида Агентликнинг янги ваколатхоналари иш бошлади.

Бундан ташқари шу пайтга қадар Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Самара, Уфа, Новосибрск, Екатеринбург шаҳарлари, Корея Республикасининг Кванджу шаҳрида Агентликнинг ваколатхоналари фаолият юритиб келаётган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?