Россияга ишлаш учун бориб, қийин аҳволда қолган юртдошларимиз Ўзбекистонга олиб келинди

15:47 07 Апрель 2022 Жамият
603 0

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва, Новосибирск ва Уфа шаҳарларидаги ваколатхоналарига ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан турли масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда.

Хусусан, самарқандлик Р.И. Бошқирдистондаги автомобилларни ювиш шохобчасида ишлаётгани, иш берувчиси ҳужжатларини олиб қўйгани ва соғлиги ёмонлашаётганини маълум қилиб, ёрдам сўраган.

2021 йилнинг август ойида Уфа шаҳрига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган сурхонадарёлик Б.А. саломатлиги ёмонлашиб, мазкур шаҳардаги шифохонада жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган. Моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолиб, ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Шунингдек, Наманган вилоятидан Т.Г. 2021 йил май ойида оиласи билан биргаликда ишлаш учун Новосибирскка боради. Иш жараёнида касал бўлиб шаҳар шифохонасига олиб кетилади. Шифокорлар умуртқа поғонасининг бўйин қисмида дорсопатия ташхисини қўяди. Т.Г. ҳомиладор ҳолатда вояга етмаган фарзанди билан яшаш ва турар-жой учун маблағсиз қолиб кетади ва Агентлик ваколатхонасидан ёрдам сўрайди.

Қашқадарё вилоятидан П.Ж. Самара шаҳрига келиб ишлагани, аммо иш берувчи маошини бермагани аниқланди. Шунингдек, андижонлик Т.И. ва У.Р. 2021 йилда Москва вилоятига ишлаш учун боради. Аммо иш берувчи томонидан ваъда қилинган иш шароитлари яратилмайди, патент расмийлаштириш учун паспортлари олиб қўйилиб, расмийлаштириб берилмайди ҳамда ойлик мошлари тўлиқ берилмайди. Ушбу юртдошларимиз ҳам Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраган.

Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, қийин аҳволда қолган фуқароларимизга Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан ёрдам кўрсатилиб, Ватанимизга олиб келинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер