Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан яна бир бор ҳарбий ҳаракатларга аралашмасликни сўраймиз — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

19:54 27 Октябр 2022 Жамият
304 0

Фото: Иллюстратив фото

Россия Федерациясининг Орлов вилоятида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини сафарбарликка жалб қилиш учун чақирувлар келгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар муносабати билан, мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ушбу ҳолат назоратга олингани, ташкилот раҳбарияти ҳамда фуқаролар билан алоқа ўрнатилгани, воқеа жойига йўл олингани хабар қилинган эди.

Айни вақтда ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб бориб, юртдошларимиз ва ташкилот раҳбари билан учрашди.

Маълум бўлишича, хатолик туфайли ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига сафарбарликка жалб қилиш учун чақирувлар берилган. Бу ҳақда иш берувчидан расмий хат олинди.

Россия Федерацияси президенти қарорига мувофиқ, чет эл фуқароларини сафарбарликка жалб қилиш мумкин эмаслиги юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда юртдошларимизнинг иш ва яшаш шароитлари билан танишилди.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан яна бир бор ҳарбий ҳаракатларга аралашмасликни, низоли ҳудудларга бормасликни ҳамда бундай ҳолатларга дуч келса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа ваколатли ташкилотларга мурожаат қилишларини сўраймиз, дейилади агентлик хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер