Россияда вафот этган ўзбекистонлик меҳнат мигрантининг оиласига 1 млн. рублдан ортиқ маблағ ундириб берилди

14:32 21 Ноябрь 2021 Жамият
689 0

Бугунги кунда хорижда кўплаб юртдошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда ва уларнинг кўпчилиги Россия Федерацияси улушига тўғри келади. Афсуски, иш жараёнида турли бахтсиз ҳолатлар юз бериши ва баъзан бу ўлим билан ҳам тугаши мумкин. Аммо, иш жойидаги ўлим ёки шикастланиш иш берувчининг айби билан содир бўлса, марҳумнинг қариндошлари компенсация олиш ҳуқуқига эга эканидан кўпчилик хабардор эмас.

Шу билан бирга, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий адвокатлик ташкилотлари (Россияда 18 та, Қозоғистонда 4 та, Туркияда 3 та) билан шартномалар имзолаган.

1994 йилда туғилган юртдошимиз Б.Юсупов Россиянинг «МОНОТEК СТРОЙ» МЧЖда иш бошлаганидан 2 ой 5 кун ўтиб, 2020 йил 21 сентябрь куни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этади. Унинг Хоразм вилоятида ота-онаси билан бирга яшовчи 1995 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2019 йилда туғилган қизи қолади.

Марҳумнинг оиласига зарарни ундириб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан россиялик юристлар жамоаси жалб этилиб, узоқ давом этган жараёнлардан сўнг 1 млн 161 минг рубль (15 774 АҚШ доллари) маблағ тўлаб бериш бўйича иш берувчи билан юридик келишувга эришилди.

Шунингдек, Россия қонунчилигига мувофиқ, марҳумнинг оиласига жабрланувчининг иш жойида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани муносабати билан 1 млн рубль атрофида компенсация берилиши ҳам кўзда тутилган.

Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси Ижтимоий суғурта жамғармасидан ушбу маблағни ундириш ва марҳумнинг вояга етмаган қизига 18 ёшга тўлгунга қадар нафақа тайинлаш масаласи ҳал қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?