Россия ва Европа давлатларида кончилик ишларига туртки берган ўзбеклар

13:14 18 Ноябрь 2021 Жамият
309 0

Мамлакатимизда олтин қазиб олиш тарихини кўпчилик  Қизилқум кенгликларининг  геологик ўзлаштирилиши билан боғлайди.  Аслида эса у анча қадим. Айтайлик, юртимиз ҳудудидаги  олтин хусусида бундан икки ярим минг йил муқаддам Геродот “массагетлар кумуш ва темирдан фойдаланишмайди, сабаби уларда олтин ва мис ниҳоятда мўл”, дея қайд этган. Қолаверса, Олтинсой, Олтинтов, Олтинтопган, Зармитан каби жой номланишлари ҳам  бежиз келиб чиқмаган. Ёхуд Зарафшон дарёсини олайлик.  Ривоят қилишларича, қадимда кишилар мазкур дарё тубига қўй терисини чўктириб,  унинг жунлари орасидан олтин зарраларини териб олишган экан.

Ривоятлар ўз йўлигаю, олтин конларини топишнинг ўзи аслида жуда мураккаб жараён. Бу борада аждодларимиз кўпгина халқларга сабоқ берганлигига мисоллар ҳам бир талай. Шулардан бири Россиянинг Урал тоғлари ҳудудида олтин ва мис конлари топиш ва ўзлаштириш билан боғлиқ бўлиб, бу ҳақида Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Нилуфар Неъматова қуйидагиларни сўзлаб берди.

- Бухоро заргарлик мактабининг маҳсулотлари, бухороча олтин тангалар Петр I ни доимо ўзига ром этиб келган. Уларни қўлга киритиш мақсадида чор шоҳи бир неча марта Ўрта Осиёга экспедиция жўнатади. Шулардан бирига кабардин аслзодаси Александр Бекович-Черкасский раҳбарлик қилиб, учинчи уринишида у бошлиқ ҳарбий экспедиция Хива хони қўшинлари томонидан қуршовга олинади. А. Бекович-Черкасский қатл этилиб, Хива хони Шерғозихон унинг калласини Бухоро амири Абулфайзхонга жўнатади.

Петр I нинг ғазабидан қўрқиб кетган Абулфайзхон рус подшоҳига  юздан зиёд туяга ортилган совға-салом ва Хонқули исмли тўпчибошисини элчи қилиб жўнатади.

Хонқулининг миссиясида яна бир вазифа бор эди. Ўн йил аввал Астрахан қўзғолонида иштироки гумонланиб бухоролик савдогарлар  ҳибсга олинган, улар орасида Хонқули тўпчибошининг ўғли Ашур ҳам бўлган. Хонқули шу сабабдан элчи қилиб жўнатилган, ўғли ва бошқа савдогарларга  алмаштириш мақсадида рус асирларини ҳам ўзи билан олиб кетган эди.

Хонқулининг ўғлини озод этиш билан боғлиқ илтимоси рад этилиб, Петр I нинг ўзи асирларни бирма-бир сўроқ қилади. Сўроқ асосан кончилик, олтин ва мис конларини топиш, уларни ўзлаштириш, қайта ишлаш билан боғлиқ бўлиб, ниҳоят шоҳ ўз қарорини эълон қилади. Унга кўра асирларнинг тўққиз нафари озод этилиб, юртига қайтишига ижозат берилади. Ашур ҳамда унинг дўстлари Олим Шайхов  ва Баҳодир  Тешимов  кончилик ишлари билан шуғулланиш учун Уралга бадарға қилинади.

Ашур кончиликдаги билим ва тажрибаси  билан Россиянинг XVIII асрдаги иқтисодий қудратига катта ҳисса қўшади. Урал тоғларида олтин ва миснинг улкан захираларини топиб, қазиб олиш ва қайта ишлашни йўлга қўяди. Бу хизматлари учун Петр I унга дворянлик унвонини бериб, Обь ва Тура дарёлари ўртасида кенг ер майдони тортиқ қилади.

Ашур Европа  ва Осиё кесишган ҳудудга дафн этилиб, қабртошига унинг беқиёс хизматлари битилган.

Бухоролик кончи Олимнинг тақдири бундан-да қизиқарли. У Урал тоғларидаги изланишлари самараси ўлароқ, подшоҳ фармони билан Германияга жўнатилади. Ушбу мамлакатда ҳам кончилик ишларида катта муваффақиятларга эришиб, кейинчалик ўз тажриба ва билимини Берлин ва Дрезден университеталарида ёшларга ўргатади. Олим 97 йил умр  кўриб, Дрезден техника университетининг боғига мусулмончилик анъаналарига кўра дафн этилади.

Учинчи асир Баҳодир эса Урал ортидаги Баяновул округида бир неча конларни кашф этиб, улардан бирига эгалик ҳуқуқи берилади. Унинг авлодлари 1917 йилги давлат тўнтаришга қадар бу конлардан фойдаланишган.

Тадқиқотчи Н. Неъматованинг бу маълумотлари тарихий фактлар билан тасдиқланган. Биз келтирмаган маълумот эса “ашарит” минералининг кашф этилиши ва унинг номланиши билан боғлиқ. Тадқиқотчи ушбу минерал Хонқули ўғли Ашур томонидан кашф этилиб, унинг шарафига номланган бўлса керак, деган фаразни илгари суради. Шу ўринда бир қатор фактларга таянади. Уларни келтириб ўтирмаганимиз сабаби ҳали сўнгги нуқта қўйилмаганлигида. Шуниси аниқки, аждодларимиз Россия ва Европада кончилик ишларининг равнақига XVIII асрда салмоқли ҳисса қўшганлар.

 

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?