Россия нима учун Фарғонадан помидор ва қалампир етказиб беришга тақиқ жорий этди? — вазирликнинг расмий изоҳи

20:38 26 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
926 0

Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилоятидан Россия Федерациясига томат ва қалампир етказиб беришга тақиқ жорий этилгани ҳақидаги маълумотга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қуйидагича изоҳ берди:

"Россия Федерацияси ветеринария ва фитосанитария назорати Федерал хизмати (Росселхознадзор) томонидан Фарғона вилоятидан томат ва қалампир импортига тақиқ жорий этилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумотлар эълон қилингани муносабати билан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан биргаликда Росселхознадзор билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Россия томонига кўра, Фарғона вилоятидан томатларнинг алоҳида партиясида томат мевасининг жигарранг тиришиқи вируси (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV) аниқланганлиги сабабли чекловлар жорий этилган.

Шу билан бирга, ToBRFV ўсимликлар вирусининг янги штамми бўлгани учун Ўзбекистон ҳудудида илгари аниқланмаган. ЕОИИ мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас – Евросиё Иқтисодий комиссияси Кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги №158-сонли Қарори билан тасдиқланган карантин объектларининг ягона рўйхатига ToBRFV киритилмаган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда шу каби вируслар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича тезкор равишда чора-тадбирлар Комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Росселхознадзор томонидан жорий этилган тақиқлар Ўзбекистоннинг барча ишлаб чиқарувчиларига нисбатан қўлланилмайди ва фақат Фарғона вилоятидан келтирилган маҳсулотларга тегишлидир.

Россия томони билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Тақиқларни яқин вақтларда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?