Россия Федерациясидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари қай даражада таъминланган?

09:12 27 Июль 2022 Жамият
278 0

Телеграм платформасидаги «Файзбоғ» каналида сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлган – Воронеж вилоятидаги миграция марказида Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан юзага келган ҳолат шунингдек, Волгоград вилоятидаги ўзбекистонлик бир гуруҳ меҳнат мигрантлари ва иш берувчи ўртасида юз берган ҳодисаларда юртдошларимизнинг ҳуқуқлари таъминланганлиги эътироф этилган ҳолда Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда юзага келаётган бир неча муаммолар қайд этилган.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Биринчидан, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси негизида ташкил этилган Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ҳуқуқий кўмаклашиш маркази адвокатлик ташкилотлари орқали кўплаб кейсларни кўриб чиқмоқда ва уларнинг аксарияти юртдошларимиз фойдасига ҳал этилмоқда. Таъкидлаш жоиз, адвокатлик хизматлари учун фуқаролардан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Иккинчидан, Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) ҳамда World Skills Russia ассоциацияси билан ҳамкорликда Россия Федерациясининг йирик шаҳарларида Ўзбекистон фуқаролари учун рус тили ва турли касблар бўйича бепул курслар ташкил этилган.

Учинчидан, ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясининг 16 та нуқтасида – Москва, Санкт-Петербург, Самара, Уфа, Новосибрск, Екатеринбург шаҳарлари, Тула, Воронеж, Волгоград, Нижегород, Иркутск, Амур вилоятлари, Краснодар, Красноярск, Перм ўлкалари, Ханти-Мансийск автоном округида вакиллари фаолият юритмоқда.

Юртдошларимиз иш ва яшаш шароитларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, иш берувчи ва фуқаро ўртасида низоли вазият юз берганда уни ҳал этиш кабилар мазкур вакиллар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (71 202 33 55, 71 200 00 61 ёки 1282 қисқа рақами), Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси (+7-499 230-00-76, +7-499 238-36-20, +7-499 230-00-32) қўнғироқлар марказлари йўлга қўйилган.

Таъкидлаш жоиз, юқоридаги механизмлар Россия Федерациясидаги юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер