Россия Беларусда ядро қуроли жойлаштиришни маълум қилди. АҚШда хотиржамлик, Европа Иттифоқи эса жавоб бериш билан таҳдид қилмоқда

Фото: РИА «Новости»
Россия Беларусьбилан Беларусь ҳудудига тактик ядро қуролларини жойлаштиришга келишиб олган. Бундай қуролларни сақлаш омбори қурилиши шу йилнинг 1 июнига қадар якунланади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин «Россия 24» телеканалига журналист Павел Зарубин билан бўлган интервьюда айтиб ўтди.
«3 апрелдан биз экипажларни тайёрлашни бошлаймиз. 1 июлда эса Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуроллар сақланадиган махсус омбор қурилишини якунлаймиз», деди Владимир Путин.
Россия раҳбарининг қўшимча қилишича, Москва аллақачон Минскка самолётларни қайта жиҳозлашда ёрдам берган ҳамда «Искандар» ракета тизимини ҳам топширган.
Путиннинг таъкидлашича, Беларусда стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги шартнома бўйича мажбуриятларини бузмаган ҳолда тактик ядро қуроллари жойлаштирилади.
Ўтган йилнинг 19 декабрь куни Путин Беларусь Қуролли Кучлари самолётлари экипажларини махсус ядро каллаклари билан ўқ-дорилардан фойдаланишга ўргатилишини тан олганди. Ўша йилнинг 25 декабрь куни Россия мудофаа вазирлиги Беларусь махсус ўқ-дорилардан фойдаланишга қодир самолётлар учун кадрлар тайёрлашни бошлагани ҳақида хабар берганди.
Жорий йилнинг февраль ойида Беларусь президенти Александр Лукашенко республика ядро қуролига муҳтожмаслигини, чунки у ҳеч қандай, жумладан, АҚШга ҳам зарба бермоқчи эмаслигини айтганди. Ўшанда у Беларусь стратегик ядро қуролига мутлақо муҳтож эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.
Интервьюда Путин Беларусда тактик ядро қуролларининг жойлаштирилишига Буюк Британиянинг Украинага уранли ўқ-дориларни топшириш ҳақидаги баёноти сабаб бўлганига эътибор қаратган.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Беларусь президенти Александр Лукашенко анча вақтдан бери Россия ядро қуролини мамлакатда жойлаштиришни сўраб келган экан.
утиннинг айтишича, Лондон Киевга бермоқчи бўлган ўқ-дорилар оммавий қирғин қуроли эмас. Лекин улар радиоактив чанг ҳосил қилади ва жуда хавфли ҳисобланади. Улардан фойдаланилса, экин майдонлари ифлосланиши аҳоли ва атроф-муҳит учун хавф туғдиради.
Шу йилнинг 21 март куни Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Аннабел Голди Лондон ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага уранли снарядлари партиясини беришини маълум қилганди.
«Украинани «Challenger 2» танклари билан таъминлаш билан бир қаторда ўқ-дорилар, шу жумладан, таркибида уран бўлган зирҳли тешувчи снарядлар етказиб берамиз», деган эди Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари.
АҚШ ва Пентагон ҳозирча хотиржам
АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Россия Беларус ҳудудида тактик ядро қуролини жойлаштириши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Департаментга кўра, бундай баёнотлар фонида АҚШ ядровий кучларининг тайёргарлигини ўзгартиришга асос йўқ.
«Биз ядровий кучларимизнинг тайёргарлигини ўзгартириш учун ҳеч қандай сабабни ҳам, Россия ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланаётгани аломатларини ҳам кўрмадик», дейилади Пентагон баёнотида.
Оқ уй ҳам худди шундай фикрда. АҚШ Мудофаа вазирлиги Вашингтоннинг НАТО доирасида жамоавий мудофаага содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва АҚШ Россия ҳаракатларини кузатишда давом этишини таъкидлади.
Европа Иттифоқи жавоб беришга тайёр
Европа Иттифоқи (ЕИ) Россиянинг Беларусда тактик ядровий қуролларини жойлаштирганига янги санкциялар билан жавоб беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Хосеп Боррел маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия ядро қуролининг Беларусда жойлаштирилиши эскалация ва Европа хавфсизлигига таҳдид бўлади. Шу билан бирга, дипломат Минск ҳали ҳам буни тўхтата олишини таъкидлади.
Польша хавотирда, Германия Россиянинг қарорини қоралади
Польша ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Россиянинг Беларусда тактик ядро қуролларининг жойлаштирилиши минтақадаги кескинликни кучайтиради.
«Россия ва Беларусь ўртасидаги республикада тактик ядро қуролларини жойлаштириш бўйича келишув фақат кескинликни оширади», дейди Полша ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лукаш Ясина.
Ясинанинг фикрича, бундай режалар «ядро қуролини тарқатмаслик нуқтаи назаридан хавф туғдиради».
Германия ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг бу қарорини қоралади. Департамент, шунингдек, Москванинг ҳаракатларини ядровий таҳдидга қаратилган навбатдаги уриниш, деб атади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг