Риштонда МИБ ходимлари ажрашган эр-хотинни яраштирди

16:20 10 Август 2022 Жамият
242 0

Иллюстратив фото

Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилояти Риштон тумани бўлими ходимлари томонидан алимент тўловчи қарздорларнинг уйларига бориб, оила муқаддас экани ва уни арзимас маиший муаммолар туфайли барбод этиш миллий қадриятларимизга ҳам, қонунчилигимиз мақсад-муддаосига ҳам номувофиқлиги кенг тушунтирилмоқда.

Шу йилнинг 10 август куни Бюронинг иш юритувида бўлган Фуқаролик ишлари бўйича Риштон тумани суди қарорига асосан қарздор Т.О.дан ундирувчи Т.Ч. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан қарздор ва ундирувчи билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат асносида эр-хотин фарзанд тақдирига бирдек жавобгар экани, оилани асраш, ўткинчи ҳаваслар туфайли оилавий ришталарни шунчаки узиб юборишнинг нохуш оқибатлари ҳақида гапириб ўтилди. Эр ва хотин ўз дардини, мақсадларини юзма-юз туриб баён этишига имконият яратилди. Шу тариқа улар яраштирилиб, ижро иши тамомланди. Муҳими, бу оилада ўсаётган боланинг бағри энди бутун бўлди.

— Қарздор ота ёки оналардан фақат алиментни ундириш эмас, балки оилаларни яраштиришга устувор вазифа сифатида қарамоқдамиз, — дейди МИБнинг Риштон туман бўлими бошлиғи Салимжон Қурбонов. — Ходимларимиз ҳудудларда мунтазам равишда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориб, оилаларни сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилаётгани бунинг яққол исботидир.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер