Риштон туманида аҳоли муаммолари «хонадонбай» ўрганилмоқда

16:00 06 Январь 2023 Жамият
344 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали одамларни ўйлантираётган муаммоларини аниқлаш ва ижобий ечимларини топиш, ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга қулай шарт-шароит яратиш ҳамда мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда инфратузилма хизматларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2023 йилнинг илк кунларидан бошлаб Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги 71 та МФЙда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оиладаги ижтимоий, моддий ва маънавий муҳитни яқиндан ўрганмоқда.

Ўрганишлар жараёнида аҳолининг бандлик даражаси, ёшлар балансини шакллантириш, хотин-қизлар масалалари ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича аниқланган муаммолар ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланяпти.

— Ҳудудимиздаги 350 та хонадонда 1700 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Хўжа Илғор» МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси Рустам Камолов. — Ҳунармандчилик ва иссиқхонада лимон етиштириш маҳалланинг «ўсиш нуқтаси» ҳисобланади. Ўрганиш ишлари давомида иссиқхона ташкил этиш учун 10 та оилага имтиёзли кредит ажратилди, 7 нафар вақтинча ишсиз фуқаро тадбиркор сифатида рўйхатга олинди. 2022 йили маҳаллада кулолчиликни ривожлантириш мақсадида тадбиркор оилаларга 300 миллион сўм кредит ажратилган эди, жорий йилда бу борада ишлар кўламини янада ривожлантириш ҳаракатидамиз. Ҳозирда ишсиз оилаларни тадбиркор-кулолларга касаначи сифатида бириктириш ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Айни пайтда туманнинг барча маҳаллаларида ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер