Риштон – Сўх йўли қайта очилди — одамлар нима дейди?
Апрелнинг илк куни узоқ кутилган Риштон — Сўх йўли қайта очилиб, чегаранинг икки томонида яшаётган қадрдонлар ушбу хушхабарни катта тантана, тўй сифатида нишонладилар.
Йиллар давомида кўриша олмай, соғинч азобидан қийналиб яшаган инсонларнинг ширин дийдордан бахтиёр чеҳраларини кўриб, халқларимиз гўёки эт билан тирноқ эканлигини ҳис этиш мумкин. Айни лаҳзаларда бу инсонлар қалбида кечаётган туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин, аслида.
Кенжахон Отабоева Риштон туманининг Оқтомир қишлоғида туғилиб ўсган. Тақдир тақозоси билан Қирғизистоннинг Қадамжой туманига қарашли Ўрикзор айилига келиб бўлиб тушган. У ҳозирги кунда тўрт фарзанднинг онаси.
— Тақдиримни «Зумрад ва Қиммат» эртагидаги Зумрадга ўхшатаман, —дея кўзлари ёшланади Кенжахон опа. — Икки юрт чегарасини атиги битта ариқ ажратиб туради. Аммо ота уйимга келиб-кетиш учун ўн йиллар давомида юз километрлаб масофа босиб, Водил чегара пости орқали ўтишга мажбур эдим. Шунда ҳам тўй ёки маърака учун оила аъзоларим номидан телеграмма жўнатилиши керак бўларди.
Ўзбекистондаги янгилик ва ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини телевизор орқали кўриб, ҳайрат ва ҳавас билан яшардим. Бугун Риштонни кўриб, кўзларимга ишонмадим. Қадрдон маскан бутунлай янгиланиб кетибди. Яқинларим билан йиғлаб кўришдик, суҳбатимиз ҳеч тугамайди.
Қирғизистоннинг Қадамжой тумани, Мингчинор айилидан Риштонга келин бўлиб тушган Гулдаста Бадалова уч фарзанднинг онаси, шириндан-шакар набираларнинг бувиси бўлди. Лекин Ўзбекистон фуқаролиги йўқ. Шу боис ўн йилдан буён Қирғизистонга – яқинларини кўргани бора олмайди.
— 1995 йили Риштонга келин бўлиб тушганман, — дея у энтикиб йиғлайди. — Келин олдим, қиз узатдим. Аммо яқинларим чегара муаммоси туфайли тўйга келишмади. Иккала тўй ҳам татимай, кўз ёшларим дув-дув тўкилди.
Бугун қўшалоқ хушхабарлардан қалбимда чироқ ёнгандек бўлди. Ширин дийдор узоқ йиллик ғам-ғуссаларимни аритган бўлса, яқин кунларда Ўзбекистон фуқаролиги берилиши ҳақидаги янгиликдан янада қувондим. Айни пайтда кенжа ўғлимни уйлаш тараддудида эдик. Насиб этса, бу тўйда қирғизистонлик барча яқинларим азиз меҳмонимиз сифатида ташриф буюришади.
Баҳромжон Жумаев Сўхда яшайди. Иш юзасидан Фарғонага тез-тез қатнайдиган бу йигит «Йўл азоби — гўр азоби» эканлигини жуда яхши билади. Чегарадан ўтиш муаммолари туфайли у сингари юзлаб, минглаб сўхликлар кунда кунора ана шундай муаммо билан юзма-юз бўлишга мажбур эди.
— Қалбларимиз кутилмаганда булоқ сувидек тоза бўлиб қолди,-дея Баҳромжон таассуротларини ҳис-ҳаяжон билан ифодалашга ҳаракат қилади. — Бугун чегара билан боғлиқ кўп йиллик қийинчилик ва муаммолар унутилди. Шу сабабли бир гуруҳ дўстлар Риштон туманига келиб, чойхонада қўлинг ўргилсин паловхонтўра тайёрлатдик.
Сўх — Риштон чегарасида ҳаёт қайнади. Нуроний отахонлар, кайвони момолар, навқирон йигит-қизлар, болажонлар, барча-барча дийдорлашишга ошиқди. Яқинлари билан дийдор кўришиб қалблари ором топди.
Илоҳи, бу бахтга кўз тегмасин, қардош халқларимизнинг дўстлиги абадий бўлсин!
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Ҳотдогдан чўчқа ёғигача: мактаб ошхонасида қандай озиқ-овқатларни сотиш тақиқланган?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- «Мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!»: Давлат солиқ хизмати ва Болалар омбудсмани Қашқадарёдаги ҳолатга муносабат билдирди
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг