Режасиз иш — қолипсиз ғишт

18:21 18 Февраль 2021 Жамият
624 0

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга мос равишда парламент вакиллари, шу жумладан, сенаторлар фаолиятида ҳам янгиланишлар кўзга яққол ташланяпти. Улар бир пайтларда бўлганидек кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасига кириб борган ҳолда иш юритмоқда. Масалан, одамлар билан мулоқот асносида жойлардаги муаммоларни аниқламоқда, мурожаатларда кўтарилган ҳар бир масалага ечим топмоқда, қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан аҳолининг таклифларини ўрганмоқда, қонунлар ёки дастурларнинг ҳудудлардаги ижросини таҳлил қилмоқда...

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиевдан бир кун давомида нима юмушлар билан шуғулланиши ҳақида гапириб беришини сўрадик.

— Дарҳақиқат, сенаторларнинг халқ билан учрашувлари, яратилган қонунлар ижроси ҳақида кўп ёзиляптию, уларнинг фаолият мезони, яъни бир кунлик иш жараёнига камроқ эътибор қаратилаётгандек чамамда. Башарти, шунга жазм қилган экансиз, бундан фақат хурсанд бўламан. Сенатор — халқ вакили, демак, халқ бизни сайлаган экан, ишончни оқлаш учун бор билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.

Айтмоқчи, сенатор этиб сайланганимда ўзимга зиммамдаги вазифаларни 100 фоиз бажараман, деб ваъда бергандим. Буни қарангки, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан сўнг иш суръатини кескин оширсак ҳам камдек туюляпти. Бу ҳужжатни қайта-қайта ўқиб, шундай хулосага келдимки, у ҳар бир соҳа вакилига, оддий фуқародан тортиб вазиргача катта масъулият юклайди. Бирор киши айта олмайдики, бизга тегишли банд йўқ деб. Шу жумладан, сенаторлар зиммасидаги масъулият юз чандон ошди десам, сира хато қилмаган бўламан.

Фаолиятим мезони ҳақида сўраяпсиз, эрталаб соат 9.00 да иш бошланади, мен эса вақтлироқ келаман. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенаторман. Бизда шундай тартиб бор: қўмитада ҳар куни эрталаб иш бошлашдан олдин бир кунлик иш режамизни белгилаб оламиз. Тўғри, бизда ҳафталик, чораклик ва йиллик режалар мавжуд, аммо кунлик режа барибир керак. Айтишади-ку, режасиз иш — қолипсиз ғишт, деб.

Фаолиятимиз ҳақида гапирсам, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Сенатга келиб тушгач, у ўз-ўзидан тасдиқланиб қолмайди. Биз бу қонунни ҳудудлар манфаатлари нуқтаи назаридан ўрганамиз ҳамда жойлардаги сенаторларга юбориб, уларнинг таклифини оламиз. Ана шу жараёнда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фикрлари билан ҳам қизиқамиз. Кейин экспертлар гуруҳи чиғириғидан ўтказилади. Сенат қўмиталари хулосалари олингач, ялпи йиғилишда қонун кенг муҳокама қилинади.

Шу ўринда қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироким ҳақида ҳам билмоқчисиз, шундайми? Олтита қонун яратилишида бевосита қатнашганман. Улардан бири — «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун бўлиб, бу ҳужжат бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида шу ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Таҳлилларга кўра, 2017 — 2019 йилларда 10 минг 65 та, шундан 6 минг 835 таси пичоқ, 2020 йилнинг 6 ойида эса 14 минг 957 та, шундан 12 минг 762 таси пичоқ ва қолгани бошқа турдаги предметлар воситасида ҳуқуқбузарликлар содир этилган. Буларнинг салбий оқибатлари хусусида гапирмасам ҳам тушунарли.

Шуларни ҳисобга олиб, фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий ёки спорт фаолиятида, хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ғилофсиз олиб юрганлик учун жарима белгилаш Қонун билан мустаҳкамланди.

Бу ҳали фаолиятимизнинг ҳаммаси эмас. Сенатга фуқаролардан мурожаатлар ҳам кўп бўлади. Бу мурожаатлар маҳаллий ҳокимликлар, вилоят ташкилотларида ёки вазирликларда ечимини топмагач, жисмоний ёки юридик шахс охирги илинж сифатида Сенатга арз қилади. Бизда бирорта шикоят эътиборсиз қолдирилмайди, ҳаммаси назоратда. Муҳими, кўпларига ижобий ечим топиляпти. Ижро ҳокимияти ҳам тушуниб қолди. Чунки улардан аниқ жавоб беришни талаб қиляпмиз-да.

Муаммо кўп, аммо ҳар бирининг ечими ҳам бор. Қарши туманида 25 та, Боёвут туманида 35 та маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмас, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу муаммони ҳал этиши керак эди. Ҳал бўлавермагач, ялпи мажлисда мутасаддиларга мурожаат қилдик. Яна бир мисол: Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги маданият саройини таъмирлаш учун 6,5 миллиард сўмлик маблағ ажратиш кечикаётганига изоҳ сўраб, Маданият вазирлиги мутасаддисига савол бердик. Булардан мақсадимиз — аҳолидан келаётган ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмаслигини таъминлашдан иборат.

Энди бир кунлик фаолиятим тўғрисида Қашқадарё вилоятига қилган хизмат сафарим асосида жавоб бераман. Аввало, қашқадарёликлар ҳар бир учрашувда давлатга ишончи ортиб бораётгани ва ўзлари томонидан кўтарилаётган таклиф ва мулоҳазалар ҳужжатларда акс этаётганидан мамнунлигини изҳор қилганини айтиш керак.

Кун давомида бундай учрашувлардан бир нечтасини ўтказишга тўғри келди. Масалан, Қарши шаҳридаги «Қиличбек Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғини, шаҳардаги 9-умумий ўрта таълим мактаби, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Қарши давлат университетида мулоқотлар ўтказдик. Уларда шу йил 4 февралда Президент томонидан имзоланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этдик. Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар хусусида атрофлича маълумот бердик.

Шунингдек, жорий йил 6 январда Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласида уйда газ портлаши оқибатида рўй берган фалокатдан жабр кўрган хонадон эгалари ҳолидан хабар олдик ҳамда Шодлик маҳалласидаги ётоқхонада яшаётган аҳоли шароити билан танишдик.

Кўряпсизми, сенатор бир кун мобайнида қанча юмушга улгуриши керак. Буни нокамтарликка йўйманг-ку, бу, сенаторлардан катта куч, билим ва Ватанга бўлган садоқатни, энг муҳими, юксак масъулиятни талаб этади.

Фахриддин БОЗОРОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?